Ёғингарчиликлар бўлмаётгани сабабли Истанбул сув омборида сув сатҳи пасайиб кетган, натижада истеъмолчиларга сув етказиб беришда узилишлар бўлиши мумкин, деб хабар тарқатди TRT телеканали.
«Истанбулни таъминлаб келаётган сув омбори атиги 33,3 фоизга тўлган. Агар ёғингарчилик умуман бўлмаса, сув захираси уч ярим ойга етади», – дейди мамлакат қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Вахит Киришжи телеканалга берган маълумотида.
Анқара ва Измирда ичимлик суви захираси тегишлича олти ва етти ойга етади, дея таъкидлаган вазир.
2022 йил декабрь Туркияда ўтган 52 йил давомида энг иссиқ ой бўлди, деган эди аввалроқ атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришлари вазири Мурат Курум. Мана бир неча ҳафтадирки шаҳарда кучли ёмғир кузатилгани йўқ.
Хабарда таъкидланишича, агар шаҳарга январ ойи учун одат бўлган кучли ёмғирлар ёғмаса Истанбулда сув таъминотида узилишлар бўлиши мумкин.