Жанубий Африка Республикаси 1 январдан бошлаб БРИКС гуруҳи (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка) раислигини Хитойдан қабул қилиб олди.
“Жанубий Африка БРИКСга аъзоликни юксак қадрлайди ва унинг 2023 йил охиригача давом этадиган раислиги давомида дунёдаги мазкур нуфузли давлатлар гуруҳининг самарали фаолиятини қўллаб-қувватлаш ниятида”, деди ТАСС агентлигига Жанубий Африка вакили.
Унинг сўзларига кўра, Жанубий Африка ўз раислигининг устувор йўналишларини БРИКСга аъзо давлатларнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳамкорлигини мустаҳкамлашда кўради.
Жанубий Африка Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Клейсон Моньела “жорий йилнинг август ойида Африкада БРИКС давлатлари раҳбарларининг саммити ўтказилиши режаланмоқда”, деб маълум қилди.
2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой гуруҳини туздилар. 2011 йилда Жанубий Африка унга қўшилди ва у БРИКСга айланди.
ЎзА