Президентимиз Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифини Имом Бухорий ёдгорлик мажмуини зиёрат қилишдан бошлади.
Ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат қилинди.
Буюк мутафаккир бобомиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий хоки мангу қўним топган ушбу маскан ислом маърифати ва аждодларимизнинг муқаддас динимиз ривожига қўшган улкан ҳиссасини тарғиб қилувчи улуғ зиёратгоҳдир. Халқимиз маънавий ҳаётидан чуқур ўрин олган ушбу гўшани реконструкция қилиш ва узоқ-яқин давлатлардан келадиган зиёратчилар учун янада кўркам қадамжога айлантириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз 2017 йил ноябрь ойида мажмуага ташриф буюрганида бу борада амалга ошириладиган ишлар концепцияси билан танишиб, уни янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берган эди. Шу асосда мажмуани реконструкция қилиш ҳамда бу ерга зиёрат туризми бўйича келувчи сайёҳлар учун барча хизмат турларини қамраб олувчи меҳмонхона ва инфратузилма объектлари қуриш бўйича лойиҳа-таклифлар тайёрланди.
Шавкат Мирзиёевга шу ҳақда маълумот берилди.
Rasmiy 0202.jpg
Лойиҳага кўра, таъмирлаш ишларини мажмуа ҳудудини уч қисмга ажратган ҳолда амалга ошириш мўлжалланган. Аввало, ёдгорликнинг олд қисмини икки қават қилиб кўтариш, масжидни кенгайтириш, 250 ўринли зал, юқори мартабали меҳмонларни кутиш хоналарини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Мажмуа рўпарасида меҳмонхоналар, бозор, гипермаркет, савдо ва маиший хизмат мажмуалари, кафе ва чойхоналар, миллий ҳунармандлик устахоналари, спорт майдони қуриш режалаштирилган. Ушбу ҳудуд ва мажмуа ўртасида фавворалардан иборат 850 метрлик аллея барпо этиш, унинг ёнида француз услубида ландшафт дизайни асосида баҳаво йўлаклар очиш режалаштирилган. Натижада бу ерда бир вақтнинг ўзида 3-4 минг сайёҳга замонавий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.
Ушбу ҳудуд ёнида маҳаллий ва вилоятлараро қатновчи автобуслар учун вокзал ҳамда 700 ўринли автомобиллар тўхташ жойи қурилади, мажмуага олиб борувчи йўл бўйида қишлоқ аҳолиси учун 2 қаватли турар жойлар бунё этилади.
– Биз юртимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор беришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур концепция лойиҳасини яна бир бор синчиклаб кўриб чиқиш, мажмуани Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамоҳанг бўлишига эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Rasmiy 0303.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА