Айни дақиқаларда давлат раҳбари Парламент ва Ўзбекистон халқига мурожаат қилмоқда.

–Энди, 2023 йилдаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи йўналиш – ихчам ва самарали давлат бошқаруви тизимига ўтишни таклиф қиламан.

Нима учун сўзни айнан шу йўналишдаги ислоҳотдан бошлаяпман?

Олдинлари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга тўғри келди. Буни қилишга мажбур эдик, акс ҳолда ҳозирги ютуқларимиз бўлмас эди.

Мактабгача таълим, уй-жой коммунал, маҳаллабай ишлаш, инвестиция, давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик соҳаларида катта натижаларга эришдик.

Хусусий сектор ва тадбиркорликнинг ривожланиши ортга қайтмас жараёнга айланди.

Аҳолимизнинг фаоллиги, замонавий технология ва касб-ҳунарларга интилиши ошиб бормоқда.

Кундан-кунга иқтисодиётимизда янги-янги йўналиш ва соҳалар яратилмоқда.

Бу борада хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида, энди “қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келди, – Президент.

ЎзА