Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 4 март куни олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида 100 мингга яқин талаба ишлашни хоҳлаши, ҳозирги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни борлиги қайд этилиб, ишга муҳтож талабалар билан ишламагани учун ҳоким ва ректорлар танқид қилинган эди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳам жорий йилнинг февраль ойида қорақалпоғистонлик талабалар билан учрашувда ОТМларда 2-курсдан бошлаб ўз соҳасида ишлашга рухсат берувчи янги тизим яратилишини маълум қилиб, ОТМларда таълим жараёни 70 фоиз амалиётга ўтиши кераклигини таъкидлаган.

Президентимиз топшириқларидан сўнг вазирликлар, тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди ва имзоланмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ кўплаб талаба ва битирувчилар иш билан таъминланди.

Яқинда қайси ОТМларнинг энг кўп битирувчиси очиқ танлов орқали давлат хизматига қабул қилинганлиги маълум бўлди.

Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ порталига 78 та вазирлик ва идора, 208 та туман (шаҳар) ҳокимликлари уланган бўлиб, мавжуд вакант лавозимларига 103 406 маротаба танлов эълон қилинди.

Танловларда 1,2 млн. номзод иштирок этган бўлса (бир ўринга ўртача 12-13 нафар номзод), улардан 45 мингга яқини давлат хизматига қабул қилинди.

Танловлар ғолиблари таркиби таҳлил қилинганда, ишга қабул қилинганларнинг 18272 нафари (43%) 150 та ОТМнинг охирги 5 йиллик битирувчилари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Хусусан:

«Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети (840 нафар), Самарқанд ветеринария медицинаси институти (749 нафар), Урганч давлат университети (700 нафар), Бухоро давлат университети (674 нафар), Фарғона политехника институти (673 нафар), Тошкент давлат иқтисодиёт университети (671 нафар), Тошкент молия институти (638 нафар), Термиз давлат университети (594 нафар), Гулистон давлат университети (577 нафар) ҳамда Тошкент давлат аграр университети (569 нафар)нинг энг кўп битирувчиси очиқ танлов орқали давлат хизматига қабул қилинган.

Ўтказилган танловларнинг тест синови босқичида иштирок этиб, етарли балл тўплай олмаган 73 997 нафар номзоднинг 31 777 нафари (43 %) ОТМларни охирги 5 йилликда тамомлаган битирувчилар эканлиги маълум бўлди.

 

Н. Раҳмонова, ЎзА