Тошкентда “Ground Zero Minor” коворкинг марказида “GEW-2022” VI Глобал тадбиркорлик ҳафталигининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Ҳафталикнинг сўнгги кунида “Туризм, қўнғироқлар чалинади!”, “Туризм ва меҳмондўстлик фанларида амалий ишларнинг аҳамияти”, “Туризм маркетинги ва таълим соҳасидаги кузатишлар”, “Туризмнинг тадқиқот йўналишлари – Ўзбекистон истиқболи”, “Туризмни ривожлантиришда “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетининг ўрни” ва шу каби мавзулардаги қатор маърузалар тингланди.

Тадбир давомида туризм соҳасида фаолият олиб бораётган ёш тадбиркорлар тажрибали мутахассислар билан ўзаро фикр алмашди.

Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Ҳафталикнинг сўнгги куни ҳам ўзига хос тажриба майдонига айланди.

Таъкидлаш жоизки, “GEW-2022” VI Глобал тадбиркорлик ҳафталиги 12 декабрь куни бошланган эди. Шу вақтга қадар Тошкентдаги “ТЕАМ”, Журналистика ва оммавий коммуникациялар, Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетлар ҳамда бошқа туризмга алоқадор таълим муассасаларида ҳафталик доирасида қатор тадбирлар ташкил этилди.

Унда туризм соҳасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва аллақачон фаолият олиб бораётган иштирокчилар хорижлик ва маҳаллий мутахассислар тавсиялари кўмагида ўзларига керакли билим, тажриба ва кўникмаларга эга бўлди.

Бевосита рақамларга тўхталсак, ҳафталик давомида 20га яқин тадбирлар ташкил этилиб, унда мингдан ортиқ тингловчи ва иштирокчилар ҳамда 10 дан ортиқ хорижлик маърузачи қатнашди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ушбу ташаббус GEN Uzbekistan (Глобал тадбиркорлик тармоғи) томонидан олтинчи бор ташкил этилди.

Ҳафталик якунлари бўйича тадбиркорлик экотизимини янада такомиллаштириш борасида таклифлар ва бизнес таълими бўйича қўлланма ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Бундан аввал Навоий, Бухоро, Нукус, Урганч, Қарши, Термиз, Наманган, Қўқон, Андижон шаҳарларида етакчи тадбиркорлар иштирокида ёш тадбиркорлар учун “Муваффақият сирлари” мавзусида туркум маҳорат дарслари ташкил этилган.

«Глобал тадбиркорлик тармоғи»нинг 200 та давлатда 20 мингта ҳамкори бор, шунингдек, шу вақтга қадар жами 40 минг тадбир ташкиллаштирган ва ўн минг нафар аъзога эга.

ЎзА