Бутун дунёда 18 декабрь Халқаро мигрантлар куни сифатида нишонланади.

Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси томонидан 2000 йил 4 декабрь куни эълон қилинган. 1990 йилда мазкур нуфузли ташкилот меҳнат қилаётган мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Халқаро конвенция қабул қилган.

Яна бир маълумот, 2016 йилнинг сентябрь ойида БМТ мигрантлар ва қочқинлар масаласи бўйича илк бор умумжаҳон декларацияси қабул қилди. Нью Йорк декларацияси деб ном олган ушбу ҳужжат мигрантлар ва қочқинларга нисбатан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жавобгарлик бурчи барча учун бир хил бўлиши, инсон ҳаётини ҳар нарсадан устун қўйиш каби нормалардан фойдаланишга даъват этади.

Статистик маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда дунёда бир мамлакатдан иккинчисига кўчиб келган муҳожирлар сони 280 миллиондан ошди, бу эса дунё аҳолисининг 3,6 фоизига тўғри келади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Миграция Ташкилоти маълумотига, 2020 йил ҳолатига кўра, дунё бўйлаб 281 миллион муҳожир бўлган. Уларнинг 135 миллиони аёллар, 146 миллиони эркаклардир.

Таққослаш учун, 1970 йилда дунёда бор-йўғи 84 миллионга яқин муҳожир бўлган бўлса, 1990 йилда 153 миллионга етган. Сўнгги 50 йил ичида муҳожирлар сони уч баравар кўпайган.

Шу билан бирга, мамлакатлардаги ички миграция ҳажми ташқи миграцияга қараганда анча юқори.

Аҳолининг катта қисми ишсизлик, маиший муаммолар ва таълим каби сабабларга кўра миграцияга мурожаат қилмоқда. Баъзи фуқаролар эса ҳарбий тўқнашувлар, таъқиблар, табиий офатлар ёки бошқа фожиали ҳодисалар туфайли ўз уйларини ва мамлакатларини тарк этишга мажбур бўлишади.

Аксарият муҳожирлар Европа (87 миллион) ва Осиёда (86 миллион) истиқомат қилади. Сайёрамизнинг бу икки минтақасида дунёдаги барча муҳожирларнинг 61 фоизи истиқомат қилади. Мигрантлар қабул қилиш бўйича кейинги ўринларда мигрантларнинг 20,9 фоизи истиқомат қилувчи Шимолий Америкадир.

Сўнги вақтларда Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси минтақасида муҳожирлар сони икки баравар кўпайиб, тахминан 7 миллиондан 15 миллионгача етди. Бу мигрантлар сони энг юқори ўсган минтақадир.

Океанияда 9 миллион мигрант ёки барча муҳожирларнинг 3,3 фоизи истиқомат қилади.

2019 йилда дунё бўйлаб қарийб 169 миллион меҳнат муҳожирлари бор эди. Бу дунёдаги барча мигрантларнинг учдан икки қисмини (62 фоиз) ташкил этади. Дунё бўйлаб мигрантларнинг атиги 78 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдаги инсонлар бўлиб, улар 15-64 ёшни ташкил этади.

2019 йилда меҳнат муҳожирлари орасида эркаклар сони 98,9 миллион кишини, аёллар 70,1 миллион кишини ташкил этди.102,4 миллион киши ёки жами меҳнат муҳожирларининг 61 фоизи учта минтақада: Шимолий Америка, Араб мамлакатлари, Шимолий, Жанубий ва Ғарбий Европада истиқомат қилади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистондан хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган мигрантлар сони 2 миллион 346 минг нафарни ташкил қилади.

Ўзбекистон  Халқаро Миграция ташкилотига (ХМТ) 2018 йил 27 ноябрда аъзо бўлган эди. Ўша йили ХМТ ҳамкорлигида Самарқандда миграция бўйича янги марказ ҳам очилди. 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Халқаро миграция ташкилоти ўртасида Ҳамкорлик битими имзоланди. Шундан буён   Ўзбекистон билан ХМТ ўртасида алоқалар изчил ривожланиб бормоқда.

Бир сўз билан айтганда, миграция турли муаммоларга сабаб бўлсада, аксарият ҳолларда мигрантлар ўзлари келган мамлакатдаги бўшлиқларни тўлдиришади. Яъни маҳаллий аҳоли ишлашни хоҳламаган иш ўринларини тўлдиради. Бу эса, мамлакатлар ривожига, қолаверса, ялпи ички маҳсулотларнинг ўсишига замин яратади.

Гўзал Сатторова, ЎзА