Қозоғистон Республикаси Сенати депутатлари фуқаро мудофааси, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида иккита битимни ратификация қилди. Мазкур ҳужжатлар аввалроқ Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари томонидан имзоланган эди, деб ёзмоқда «Казинформ» агентлиги.

Қозоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Ильиннинг изоҳ беришича, мазкур келишув мамлакатларга фавқулодда вазиятларни прогнозлаштириш, агар хавф пайдо бўлса, аҳолини зарур ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш имконини беради. Келишув давлатга қарашли ўқув муассасаларида  фуқаро ҳимоясини таъминлаш соҳасида мутахассисларни ўқитишни ҳам ўз ичига олади.  

Шу билан бирга, келишувнинг ратификация қилиниши мамлакатларнинг бирида юз берган фавқулодда вазиятни  бартараф этишда ўзаро ёрдам кўрсатишни ҳам назарда тутади. Агар давлатларнинг бири ҳудудида  фавқулодда вазият рўй берса, ҳалокат-қутқарув тузилмалари давлат чегараларини кесиб ўтиши ва кучларини ҳамда воситаларини олиб ўтиш имкониятига эга бўлади.