Ўтган йили Беларусь, Бангладеш ва Ҳиндистон Россиянинг энг йирик қарздорларига айланди, Эрон эса сўнгги 30 йил ичида биринчи марта кредит олди. Бу ҳақда “РИА Новости” Жаҳон банки маълумоти таҳлилига таяниб хабар бермоқда.
Минскнинг Москва олдидаги қарзи йил давомида 1,9 фоиз ошиб, 8,5 миллиард долларга етди. Бу борада Бангладеш аввалги йилга нисбатан, деярли, учдан бир баробар кўпайган 4,4 миллиард доллар “кўрсаткич”и билан иккинчи ўринда. Ҳиндистоннинг Россиядан қарзи 11,7 фоиз ошиб, 3,3 миллиард долларга етди.
Рўйхатнинг кейинги қаторларида Вьетнам (1,5 миллиард), Яман (1,17), Афғонистон (1,16) ва Миср (867,2 миллион доллар) қайд этилган. Айни пайт Ўзбекистоннинг РФ олдидаги ташқи қарзи 254,7 миллион долларга тенг экан.
1990-йиллар бошидан бери энди Россия қарздорлари рўйхатида пайдо бўлган Эроннинг қарзи олти миллион доллар. Жаҳон банки маълумотида бунгача Теҳроннинг Москва олдидаги қарзи охирги марта 1992 йил кўрсатилгани айтилган. Ўшанда бу рақам 251,3 минг эди.
ЎзА