Юртимизда жиддий ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Бунга ҳар қадамда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги ушбу саъй-ҳаракатлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқ ва маърузаларида, аввало, халқимиз ишончини қозониш лозимлигига алоҳида урғу берилаётгани бежиз эмас. Ҳа, янги давр шундай бошланди.
Қуйида юртимиз ва дунёнинг нуфузли минбарларидан янграган ва барчамизни руҳлантирган, қувонтирган, муҳими, Ўзбекистоннинг бир фуқароси сифатида ташаббусга, фидойиликка ундаган давлатимиз раҳбарининг чиқишларидаги баъзи фикрларни эътиборингизга ҳавола этаяпмиз. Зеро, эл-юрт манфаати йўлида жасорат ва куюнчаклик билан айтилган ҳар қандай даъват вақт ўтгани сари аҳамияти ортиб, халқ қалбидан мустаҳкам жой эгаллаб бораверади.
…Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш — давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш, деб баҳоланади.
Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ.
Шундай экан, биз, биринчи навбатда, ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади.
Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ.
Юртимизда тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш бундан буён ҳам асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир.
… Эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ.
… тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак.
Фарзандлар тинчлиги, уларнинг бахти, камоли — жамиятнинг энг катта бойлиги.
… Муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз.
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
… Аёлларимизнинг бахти — халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.
Бизнинг мақсадимиз — юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлашдан иборат.
Иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш амалга оширилаётган ўзгаришларнинг энг муҳим йўналишларидир.
Биз оддий бир ҳақиқатдан келиб чиқмоқдамиз: халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади.
Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир.
Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.
Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.
Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган «Саҳиҳи Бухорий»нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган.
Прокуратура илгаригидек фақат жазолайдиган, репрессия органи бўлиб қолмаслиги, аксинча, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қоғозда эмас, амалда ҳимоя қиладиган тизимга айланиши зарур.
…Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий база ва объектларини жойлаштиришга йўл қўймаслик, ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмаслик сиёсатига содиқ қолиш бундан буён ҳам мамлакатимизнинг принципиал позицияси бўлиб қолади.
…Тадбиркор — бу тараққиёт локомотиви, юрт таянчи.
…Самарқанд шаҳри, Имом Бухорий, Амир Темур, Улуғбек расадхонаси, Ҳазрати Дониёл, Регистон, Шоҳи Зинда ансамбли деган номларнинг ўзи, таъбир жоиз бўлса, жаҳон миқёсидаги машҳур брендлар эмасми?
Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарни — бу Бош вазир ёки унинг ўринбосарлари бўладими, ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, ҳар бир туман ва шаҳардаги Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш даркор.
Ана шу ишларнинг бош мақсади — фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлашдир. Бу борада рақамлар ва силлиқ ҳисоботларнинг орқасидан қувиб, навбатдаги кампаниябозликни уюштириш керак эмас.
Буни халқ ҳеч қачон кечирмайди!
… Оқни — оққа, қорани — қорага ажратиш вақти ҳам келди.
…Ишни биргаликда бажарамиз, натижа учун эса ҳар биримиз шахсан жавоб берамиз.
Бугун замон ўзгармоқда, унинг талаби, олдимизга қўяётган вазифалари тобора ортиб бормокда. Мана шундай мураккаб шароитда «Сен — менга тегма, мен — сенга тегмайман» деган кайфият билан ишлашнинг вақти ўтди. Биз «вазият ёмон, вазият оғир» деб баҳона қидиришга ўрганиб қолганмиз. Лекин шу вазиятни ким ўзгартиради, ким изга солади, деган саволни, келинг, ўзимизга берайлик. Вазиятни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз, меҳнатимиз билан ўзгартирмасак, ҳеч ким четдан келиб бу ишни биз учун қилиб бермайди.
Энг муҳим вазифамиз — мамлакатимизда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, одамларни, халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат. Бунинг учун эл-юртимиз, аввало, биз — раҳбарларнинг фаолиятидан рози бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз аравасини ўзи тортиши, ўз соҳасидаги ишларнинг аҳволи учун ўзи шахсан жавоб бериши керак. Шундан кейин жамиятимизда ўзгариш бўлади, ривожланиш бўлади.
…Жонажон Ватанимиз, олижаноб халқимизнинг ишончини қозониш, унинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун фақат тинимсиз меҳнат, изланиш ва ташаббус кўрсатиб яшаш керак. Одамлар буни кундалик ҳаётда сезиши, кўриши зарур.
Ҳаётнинг ўзи ва халқнинг талаблари бизнинг олдимизга амалий ечимини топиш лозим бўлган янги ва янада мураккаб вазифаларни қўймоқда.
… Диний жаҳолатга, зарарли оқимларга қарши маърифат билан курашиш керак.
Бугун ҳаётнинг ўзи биздан профессионал, тезкор ва самарали давлат хизмати тизимини шакллантириш, янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқишни талаб этмоқда.
Бизга рақамлар эмас, аниқ натижа керак.
… Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт.
… Халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт.
… Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди.