Куни кеча Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда оммавий норозилик намойишлари бошланган эди. Айни дамда намойишчилар назоратга олинган, деб хабар бермоқда Монцамэ агентлиги Мўғулистоннинг буюк давлат хурали (парламент) маълумотига таяниб.

Бир неча минг кишидан иборат намойишчилар 1,8 миллиард долларлик кўмир ўғирлангани ҳақида хабар тарқалгандан сўнг душанба куни мамлакат пойтахти Улан-Баторда ҳукумат саройи қаршисида норозилик намойишини бошлаган. Хабарда таъкидланишича, акция учинчи кундирки, давом этмоқда. Намойиш иштирокчиларнинг кайфияти борган сари кескин тус олмоқда. Мўғулистон хурали душанба куни Улан-Баторда фавқулодда ҳолат эълон қилишга қарор қилган.

Агентликнинг хабарига кўра, Улан-Батордаги норозилик намойиши уюшмаган бўлган, шу боис оммавий тартибсизликларга айланиб кетиш хавфи бор.

Оммавий ахборот воситаларининг  ёзишича, Хитойда Мўғулистондаги кўмир ўғирланишига алоқадор мансабдор шахслар қатл қилинган.

Мамлакат адлия вазирининг баёнот беришича, Мўғулистон ҳукумати дипломатик каналлар орқали Хитой ҳукуматидан “Кўмир ишини” текширишга қўшилишни сўраган. Гап шундаки, Мўғулистон мамлакат экспортининг тахминан 86 фоизини Хитойга жўнатади. Экспорт маҳсулотларининг ярмидан кўпини эса  кўмир ташкил этади.

«Хитой томони мазкур кўмир ўғирланишига алоқадор мансабдор шахсларни қатл қилди. Шунингдек, Хитой томони мазкур “қора ишга” алоқаси бўлган мўғулистонлик сиёсатчилар номини ҳам жўнатган», – дейилади хабарда. Намойишчилар эса «коррупция ботқоғига ботган ҳукуматни фош қилишни ва ўғрилар номини маълум қилишни” талаб қилмоқда».

Айрим намойиш иштирокчилари хомашё нархи ошишига қарши норозилик белгиси сифатида Давлат саройи қаршисидаги Сухэ-Батор майдонида ўттиз даражалик совуқда кийимларини ечиб, яланғоч бўлиб олган, деб хабар тарқатмоқда gogo.mn портали.