“Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форумининг биринчи куни ялпи мажлисида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг 2005 йилдан буён амалга оширилиши жараёнлари ҳақида сўз борди. Бунда асосан инсон ҳуқуқлари бўйича самарали таълимга эришиш тамойиллари ва ёндашувлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, замонавий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, дунёнинг турли ҳудудларида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги технологияларнинг ривожланиши ва айни соҳада қўлга киритилган ютуқлар, сабоқ ва хулосалар таҳлил этилди. Ушбу мавзудаги глобал ёндашувга бағишланган дастлабки сессияга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқлари таълими бўйича минтақавий вакили вазифасини бажарувчи Фабио Пиана модераторлик қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ ислоҳотлар шароитида “инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – энг муҳим қадрият” деган тамойил эътироф этилаётганини таъкидлади. Йиллар давомида амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Олий Мажлис томонидан 2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури қабул қилингани ва мазкур Миллий ҳаракатлар дастури ижроси бўйича “Йўл харитаси” 2021 йил декабрига қадар тўлиқ бажарилгани буни яққол тасдиқлайди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида олий ўқув юртлари учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари жорий этиш вазифаси белгилаб берилган. Бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 7 июндаги фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ташкил этилди. Айни вақтда Миллий комиссия аъзолари иштирокида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мажлисда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва ўқитиш бўлими мувофиқлаштирувчиси Елена Ипполити БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича ташаббуслари амалга оширилиши ҳолатини глобал кўламда таҳлил қилди. Ҳиндистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссиясининг Бош котиби Девендра Кумар Сингх эса онлайн тарзда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияни амалга ошириш борасида эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар ва истиқболлар ҳақида маъруза қилди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бўлими кичик ходими Паулина Тандионо БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури тўртинчи босқичининг 2020-2024 йилларда амалга оширилиши жараёнлари хусусида мушоҳада юритди. Глобал форумнинг кейинги сессиясида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга минтақавий ёндашувлар кўриб чиқилди. Ушбу сессияга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев модераторлик қилди. Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари президенти ва ижрочи директори Дэвид Паттон халқаро таълим олиш имкониятини кенгайтириш истиқболлари, Европа Кенгашининг Одил судлов ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича таълим бўлими раҳбари Эва Пастрана онлайн чиқишида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга европача ёндашув, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия раиси Хожи Али Ачикгюль бу соҳага ўзи мансуб халқаро ташкилотнинг муносабати хусусида фикр юритди.
Шунингдек, Осиё-Тинч океани Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот марказининг етакчи тадқиқотчиси Жефферсон Плантилла мазкур минтақада инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим борасида орттирилган ибратли тажрибалар ҳақида онлайн режимда сўзлаб берди. Россия Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев ҳам онлайн маърузасида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий ҳужжатларини замонавийлик нуқтаи назаридан талқин қилди.
Бундан ташқари, форум доирасида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги расмий таълим тамойиллари ва ёндашувлари: глобал, минтақавий ва миллий тажриба” мавзуида параллел мажлислар ўтказилди. Уларда технологияларнинг ривожланиши, Интернет-ресурслар ва дунёнинг тез ўзгарувчан геосиёсий манзарасини ҳисобга олган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги расмий ва норасмий таълимга илғор тажриба, инновацион, гендер ҳамда инклюзив ёндашувлар муҳокама қилиниб, айни йўналишдаги янги ташаббуслар тақдим этилди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА