Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш,  ижтимоий соҳада ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Қирғизистон Республикаси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Делегация таркибидан БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Аҳолишунослик жамғармасининг Қирғизистондаги ваколатхонаси вакиллари, лойиҳалар иштирокчилари, “Халқаро бағрикенглик учун” жамғармаси ходимлари ўрин олган.

Меҳмонлар ташриф давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги йирик тадбир –  «UzAgroExpo-2022» халқаро кўргазмасида қатнашди.

Шунингдек, делегация  аъзолари Фарғона вилояти Фарғона туманида ФАОнинг “Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик” номли лойиҳаси билан ҳам танишдилар.

Меҳмонлар илмий ёндашув ва замонавий технология асосида қишлоқ аҳолисини барқарор даромад манбаи билан таъминлаётган иссиқхоналар  имкониятига баҳо беришди. Шу билан бирга дунёга машҳур “Олтиариқ узуми” етиштириладиган туманга ҳам бориб, маҳсулотни етиштириш ва сақлаш усулларини шахсан ўрганиш имконига эга бўлишди.

Гендер тенглигига бағишланган давра суҳбати ташкил этилиши яна бир муҳим  воқеаликдир. БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ва Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳамкорлигида Наманган вилояти Косонсой туманида ташкил этилган мазкур тадбирда ислом динида аёлнинг мавқеи, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва бошқа ижтимоий аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинди.

Ташриф давлатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш сари қўйилган яна бир қадам бўлди.

Г. Абдуллаева,

ЎзА