Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтида “Минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, шу жумладан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда Шимолий Европа мамлакатлари тажрибаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Финландия парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда Минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш мақсаини кўзлаган тадбирда Ўзбекистон ва Финландия парламентларининг минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, сув манбаларидан оқилона фойдаланишдаги роли хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Кейинги йилларда айни соҳада юртимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси, Марказий Осиё давлатлари билан биргаликда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамиятга эга.

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий парламент ва парламент ҳузуридаги институт фаолияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик, – дейди Финландия Сув форуми лойиҳаси раҳбари Арво Нерман. –Бугунги учрашувда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Финландияда синовдан ўтган ва амалий аҳамиятга эга бир неча лойиҳа юзасидан маъруза қилдим. Ўйлайманки, бу ерда айтиб ўтилган, аниқ маълумотлар, муайян тажрибага асосланган таклифлар амалиётга жорий этилса, албатта ижобий самара беради.

Суҳбат давомида минтақавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, сув манбаларидан мақсадли фойдаланишга эришишда парламентнинг ўрни алоҳида экани таъкидланди. Бу борада Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлик ривожлантирилишидан манфаатдорлик билдирилди.

Тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан парламентлараро ҳамкорлик доирасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Гўзал Сатторова,

Носир Ҳайдаров (сурат),

ЎзА