Конституция – нафақат давлатчиликнинг муҳим рамзи, балки халқнинг ўз-ўзини ҳурмат қилишининг ҳуқуқий тимсоли ҳамдир.

Шу боис мамлакатимизда ҳар йили декабрь ойи бошида Конституция декадаси нишонланади. Бу йил асосий Қонунимизнинг 30 йиллиги тантаналари конституциявий ислоҳот жараёнлари билан уйғунлик ва ҳамоҳанглик касб этмоқда.

Умумхалқ муҳокамаларида фуқаролар томонидан келиб тушган 160 мингга яқин таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, асосий Қонунни 15 та янги модда ва 1 та янги боб билан тўлдириш режалаштирилган.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – инсон қадрини улуғлаш, эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати» мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида шу ҳақда сўз борди.

Конституциямизнинг 30 йиллигига бағишланган ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Тошкент Давлат транспорт университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда ўтган йиллар мобайнида Асосий қонунимизнинг босиб ўтган йўли хусусида фикр алмашилди. Ялпи мажлис ва бир нечта шўбадан иборат йиғилишларда қизғин муҳокамалар ўтказилди.

Ялпи мажлисда Конституциявий комиссия раиси, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти қошидаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик А.Саидов ва бошқалар маъруза қилди.

Муҳокамаларда Конституциямизнинг миллий давлатчиликни шакллантиришдаги ўрни, ижод эркинлигининг конституциявий асослари, конституциявий нормалар ижросини таъминлаш хусусида атрофлича фикр юритилди.

Асосий қонунимиз инсон қадр-қиммати, жамият эркин ва фаровон ҳаётининг кафолати экани яна бир бор эътироф этилди.

Республика илмий-амалий конференцияси якунида беш жилдлик «Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатлари тажрибаси» китобининг уч жилди, «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Конституциялари» ва «Жаҳон Конституциялари» китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Давлат ва ҳуқуқ институти ходимлари томонидан тайёрланган ушбу нашрлар конституциявий-ҳуқуқий саводхонликни оширишда муҳим аҳамият касб этади. Янги китоблар мамлакатимиз асосий Қонунининг 30 йиллигига мўъжаз ва муносиб совғадир.

 

ЎзА