Мутахассисларнинг таъкидлашича, эшитиш қобилиятида нуқсони бор бўлган болаларнинг 60 фоизини муолажалар кўмагида даволаш мумкин. Аммо қолган 40 фоиз боланинг эшитиш қобилияти махсус аппаратлар (эшитиш воситалари ва кохлеар имплантлар) ёрдамида секин-асталик билан тикланиб боради.

Октябрь-ноябрь ойларида Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва «Замин» халқаро жамоат фонди томонидан “Мен ҳам эшитишни хоҳлайман!” лойиҳаси доирасида Мактабгача таълим ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган жами 115 нафар эшитишида нуқсони бор бўлган болага 228 та янги авлод симсиз эшитиш аппаратлари тарқатилди.

Эшитишда нуқсони бўлган болалар билан ишлашда махсус ўқув жиҳозлари ва техник воситалардан фойдаланиш боланинг шахсиятига ижобий таъсир кўрсатади ва бундай аппаратлар уларнинг эшитишдаги нуқсонини даволашда самарали ҳисобланади.

Шунингдек, бундай махсус аппаратлар тарбиячи ҳамда педагогларга бола билан ишлаш, боланинг эса, ҳеч қандай тўсиқсиз, жамиятда ўз ўрнини топиб кетишига ёрдам беради.

 

М.Қосимова,  

ЎзА