2022 йил 29 ноябрдаги 681–сон Ҳукумат қарори билан Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида “Моҳир алоқачи” кўкрак нишони ва “Ўз касбининг устаси” белгиси таъсис этилди.
Қарорга кўра, “Моҳир алоқачи” кўкрак нишони билан – ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган ҳамда соҳада камида 15 йил меҳнат стажига эга фуқаролар тақдирланади.
“Ўз касбининг устаси” белгиси билан – ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолият кўрсатаётган муҳандис, электромонтёр, кабелчи, почтачи, антенначи-мачтачи, оператор, фельдъегер каби оммавий касб эгалари соҳани ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун тақдирланади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги ташкилотлар кўкрак нишони ҳамда “Ўз касбининг устаси” белгиси билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 апрелгача вазирликка тақдим этади.
Кўкрак нишони ҳамда “Ўз касбининг устаси” белгиси ҳар йили 7 май – алоқа соҳаси ходимларининг касб байрами арафасида топширилади.
Тақдирланганларга БҲМнинг тўрт ярим баравари (1 млн 350 минг сўм) миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
Мазкур кўкрак нишони ва белги билан бир шахс бир марта мукофотланади.
ЎзА