Бухоро вилояти суди биносида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёнлари давом этмоқда.

Хабарингиз бор, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Феруза Эшматова раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилган эди.

Мазкур комиссия аъзолари судда иштирок этиб, жараёнларни бевосита кузатиб бормоқда.

Маълумки, Миллий гвардия ҳамда Бош прокуратура масъулларининг июль ойида оммага эълон қилган маълумотларида намойишлардаги иштироки учун 516 киши қўлга олингани маълум қилинган.

Жамоатчиликда нега фақат 22 шахс суд қилинмоқда, қолган шахслар қаерда, деган ҳақли савол туғилмоқда.

Бу саволга жавобан Мустақил комиссия қўлга олинганларнинг 107 нафари Комиссия ташаббуси билан жамоат кафиллиги ва қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилиши орқали ўз оиласи бағрига қайтарилганини маълум қилди. Қолган шахслар эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этган комиссия аъзоларининг маълум қилишича, суд жараёнлари қонунчиликка мувофиқ ўтказилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА