Мамлакат шарқида содир бўлган воқеа муносабати билан Россия элчиси Сергей Андреев Польша Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Бу ҳақда ТИВ сайтида айтилади.
“2022 йил 15 ноябрь куни Россия Федерацияси Қуролли кучлари томонидан Украинанинг бутун ҳудуди ва унинг муҳим инфратузилма объектларининг кўп соатлар давомида оммавий ўққа тутилиши кузатилди. Натижада Польша Республикасининг икки фуқароси ҳалок бўлди”, дейилади баёнотда.
Ушбу муносабат билан Россия элчиси ТИВга чақиртирилиб, ундан зудлик билан батафсил тушунтиришлар бериш талаб этилди.
Маҳаллий “ZET” радиоси сешанба куни Польша шарқида Украина билан чегарада жойлашган Пшеводув қишлоғидаги (Люблин вилояти) дон қуритувчи иншоат маҳаллий вақт билан соат 15.40 да иккита ракета билан урилгани ҳақида хабар берди. Бунинг оқибатида икки киши ҳалок бўлган.
“Kyodo” агентлигининг хабарига кўра, АҚШ Президенти Жо Байден ва қатор дунё етакчилари “катта йигирмалик” саммити доирасида Польшадаги воқеа муносабати билан кенгаш ўтказдилар. Унда Япония, Буюк Британия, Канада, Франция, Испания, Нидерландия, Италия давлатлари ва Европа Иттифоқининг олий раҳбарлари иштирок этишган.
Учрашув тафсилотлари очиқланманган.
Россия Мудофаа вазирлиги Польша оммавий ахборот воситалари тарқатган мазкур хабарни провокация, деб атаган.
ЎзА