G20 аъзоларининг кўпчилиги Россиянинг Украинада олиб бораётган ҳарбий амалиётини қораламоқда, дея ёзган Financial Times газетаси учрашув якуни бўйича тайёрланаётган коммюнике лойиҳасига таяниб.

Унга кўра, бугун Балида бошланган саммитда G20 етакчилари «ҳозирги замонда дунёда уруш бўлиши мумкин эмас», деган қарорга келган.

Нашрнинг ёзишича, коммюнике лойиҳасида айтилишича, «G20 аъзоларининг кўпчилиги Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни кескин қоралаган ва урушлар жуда кўп инсонлар бошига азоб-уқубатларни келтиришини ҳамда  жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик омилларини мураккаблаштиришини таъкидлаган».

G20 саммити 15-16 ноябрь кунлари Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтади. Олий даражадаги тадбирга Россия томонидан мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этмоқда.

G20 саммитида Россия делегацияси озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергоресурлар  етказиб беришда аниқ ташаббусларни тақдим этишни режалаштирган. Шунингдек, Россия Туркия билан газ бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, дон ва ўғит маҳсулотларининг йирик партияларини етказиб беришни ташкил этиш бўйича ташаббусларини ҳам баён қилади, деб маълум қилганди аввалроқ РФ ташқи ишлар вазирлиги, деб ёзмоқда РИА Новости.