Туркманистон парламенти қуйи палатаси (Межлис) бир қатор шаҳар, туман ва қишлоқларни қайта номлаш бўйича қарор қабул қилди. Бу жойлар мамлакатнинг биринчи Президенти Сапармурот Ниёзов ва унинг онаси Гурбансултон эже номи билан юритиб келинарди. Межлиснинг ушбу қарори якшанба куни чиқадиган «Нейтральний Туркменистан» газетасида эълон қилинди, дея хабар бермоқда «ТАСС» агентлиги.

Ҳужжатда ёзилишича, ўзгартириш давлат ҳудудий-маъмурий тузилишини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, аҳоли яшайдиган масканларни иқтисодий ривожлантириш мақсадида шаҳар, туман ва вилоятлар маъмурияти тавсияси ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилмоқда.

Жумладан, қарорга мувофиқ, С.А.Ниёзов номидаги туман, Шабатдаги Ниёзов шаҳри, Бедиркентдаги Сапармурот Ниёзов номли қишлоқ кенгаши, Гизилжагаладаги Гурбансултон эже номидаги қишлоқ кенгаши, Галлачидаги Сапармурот Ниёзов номли қишлоқ ва Андалипдаги Гурбансултон эже шаҳри қайта номланади. Бундан ташқари, Отамурот оға (Сапармурот Ниёзовнинг отаси) қишлоғи энди Галалигир, деб номланади.

Мамлакатнинг ҳудудий-маъмурий тузилишини янада такомиллаштириш мақсадида 20 дан ортиқ аҳоли яшайдиган манзил қайта номланади. Шунингдек, олтита туман, туман мақомидаги беш шаҳар ва бир неча аҳоли маскани ҳам маъмурий-ҳудудий бирликлар рўйхатидан чиқарилади.

Туркманистоннинг биринчи Президенти, «Туркманбоши» фахрий мақомига ҳам эга Сапармурот Ниёзов давлатни 1990-2006 йилларда бошқарган.