Қозоқ тилини билиш Қозоғистон фуқаролигини олишнинг мажбурий шарти этиб белгиланиши мумкин, деб маълум қилди мамлакат бош вазири Алихан Смаилов.

«Ҳозирда “Қозоғистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга тузатиш ишлаб чиқилган, унга кўра, давлат тили, тарихи ва миллий қонунчилик асосларини билмаслик фуқаролик берилиши ёки фуқароликнинг қайта тикланиши рад этилишига асос бўлиши мумкин», – дейилади Қозоғистон ҳукумати раҳбари республика парламенти депутатлари саволларига берган жавобида.

Смаиловнинг таъкидлашича, қозоқ тилини, Қозоғистон халқи анъаналари ва маданиятини ўрганмоқчи бўлганлар  учун республикада 174 та якшанба мактаблари фаолият кўрсатади. Ушбу мактабларда машғулотлар бепул. Бундан ташқари, қозоқ тилини маҳаллий ижроия органларидаги тил марказлари базасида ҳам ўрганиш мумкин.

Конституцияга кўра, Қозоғистонда давлат тили қозоқ тили ҳисобланади. Давлат ташкилотларида ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида қозоқ тили билан бир қаторда рус тилидан ҳам расман  фойдаланилади.