Хитой ва Германия ҳозирги халқаро вазият беқарор бўлиб турган бир шароитда дунёда тинчликни мустаҳкамлаш ва тараққиётга эришиш учун биргаликда ҳаракат қилиши керак, деди ХХР раиси Си Цзиньпин Германия канцлери Олаф Шольц билан бўлиб ўтган учрашувда.
Жума куни Германия канцлери Олаф Шольц расмий ташриф билан Хитойга келди.
«Бугунги кунда халқаро вазият мураккаб ва ўзгарувчан. Халқаро майдонда катта таъсирга эга бўлган қудратли давлат сифатида Хитой ва Германия беқарор вазият ва тартибсизликлар шароитида дунёда тинчликни мустаҳкамлаш ва тараққиёт учун бирга ишлаши лозим», – деди Си Цзиньпин.
Унинг таъкидлашича, Шольцнинг Пекинга ташрифи икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 50 йиллиги нишонланаётган бир пайтда амалга оширилди. 50 йиллик тарих шуни кўрсатмоқдаки, алоқаларимизни ўзаро ҳурмат тамойилларига риоя қилинган ҳолда олиб бориш, икки томонлама муносабатлар келгусида ҳам барқарор суръатда давом этиши алоҳида аҳамият касб этади, деди Хитой раҳбари.