МДҲ саммитида Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари иштирок этмоқда.

Қайд этиш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017-2021 йилларда МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишларидаги иштироки якунига кўра имзоланган ҳужжатлар ва Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш бўйича «Йўл хариталари» қабул қилинган(100 дан ортиқ тадбирлар).

2019-2021 йилларнинг ўзида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан МДҲ доирасида 41 та ташаббус илгари сурилган. Улардан 18 таси амалга оширилган, 21 таси амалга ошириш жараёнида, қолган 2 таси маълум муддатга кечиктирилган.

Ўзбекистоннинг 2020 йилда МДҲга раислик қилиши сўнгги йилларнинг муҳим воқеаси бўлиб, ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга туртки берди.

Ташкилотнинг изчил ривожланишида Ҳамдўстликни ривожлантиришнинг келгуси ўн йилликдаги асосий йўналишларини белгилаб берувчи дастурий ҳужжатлар – МДҲни янада ривожлантириш концепцияси ва МДҲда 2030 йилгача Иқтисодий ривожланиш стратегиясининг тасдиқланиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Ҳамдўстликни мустаҳкамлаш борасидаги барча таклифлар, биринчи навбатда, республиканинг ўз манфаатлари учун энг юқори натижаларга эришишга қаратилган.

Ўзбекистон томони МДҲни жараёнларни сиёсийлаштирмаган ҳолда ҳамкорликни кенг кўламда чуқурлаштиришнинг муҳим форматларидан бири деб ҳисоблайди.

Масалан, айни дамда МДҲ доирасида амалдаги савдо режимини сақлаш ва янада такомиллаштириш тамойилларига асосланган тўлақонли эркин савдо майдонини шакллантириш масаласи Ўзбекистон учун катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шунингдек, транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, иштирокчи давлатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни яхшилаш, меҳнат муҳожирлари манфаатларини ҳимоялашнинг ҳуқуқий механизмларини кенгайтириш ҳам асосий устувор йўналишлардан ҳисобланади.

ЎзА