Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов арманистонлик ҳамкасби Арарат Мирзоян билан АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен иштирокидаги телефон суҳбатида Боку Арманистон билан тинчлик шартномасини имзолашга тайёрлигини тасдиқлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
“Вазир Озарбайжон минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш тарафдори эканини ва тинчлик шартномасини имзолашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаб, Боку Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасида яшовчи арман аҳолисининг реинтеграцияси бўйича ишларни давом эттиришини таъкидлади”, дейилади баёнотда.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, телефон орқали мулоқот чоғида Боку ва Ереван ўртасидаги муносабатни нормаллаштириш жараёнининг бошқа йўналишлари бўйича ҳам фикр алмашилган, муҳокама қилинаётган масалалар бўйича тараққиётга эришиш учун алоқани давом эттиришга келишилган.
ЎзА