Олий Мажлис Сенати кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисини чақириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисини 2022 йил 7 октябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қайд этилганидек, навбатдаги ялпи мажлисда “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар кўриб чиқилади.

Ялпи мажлисда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган  ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунларни ҳам муҳокама қилиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, сенаторлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижаларини кўриб чиқади.

Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.

Иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси ҳамда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган иккита парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилинади.

ЎзА