Шаҳзода Уильям ва унинг рафиқаси Кейт Мидлтон қиролича Елизавета II вафоти ва бунинг натижасида янги унвонларга эга бўлгач, миллиардерга айланди, деб ёзади Британиянинг Daily Star газетаси манбаларга таяниб.

Елизавета II вафотидан сўнг Уильям Корнуэль герцоги унвонини дарҳол мерос қилиб олди ва ҳозир Корнуэль ва Кембриж герцоги, Кейт эса Корнуэль ва Кембриж герцогиняси ҳисобланади. 9-сентябрь, жума куни Британия қироли Чарлз III ўғли Уильямни Уэльс шаҳзодаси, рафиқаси Кейтни эса Уэльс маликаси деб эълон қилди.

Газетага кўра, янги унвонларни олганидан сўнг, шаҳзода Уильямнинг бойлиги ҳозирда 1,1 миллиард фунтга баҳоланмоқда. Корнуэль герцоги ва Корнуэль герцогиняси унвонларини олиш Уильям ва Кейтга катта миқдордаги ер, ўрмонлар, дарёлар ва мулкларни мерос қилиб олишларини билдиради, деб ёзади газета.

Ҳозирда Уэльс шаҳзодаси ва маликаси Англия ва Уэльснинг 20 та округида 128 минг гектарга яқин ерга эгалик қилади. Уларнинг бир қисмига Дартмур миллий боғи ҳам киради, деб ёзади нашр манбаларга таяниб.