2022 йил 23 август куни Самарқанд заминида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази очилди. Унда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, барчани ушбу қувончли воқеа билан табриклар экан, халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан бунёд этилган ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги яна бир салмоқли, зафарли натижа бўлганини таъкидлади. Дарҳақиқат, Самарқанд – миллий давлатчилигимизга асос бўлган, тарихимиздаги иккала Ренессанс даврида ҳам муҳим ўрин тутган азим ва боқий шаҳар сифатида мамлакатимизнинг ташриф қоғозидир.

“Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс холл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлардан иборат бу муҳташам марказнинг барпо этилиши азим Самарқанд кўркига янада файзу тароват бағишлади.

Бугун кенг жамоатчилик вакиллари, юрт зиёлилари ушбу марказ очилишининг аҳамияти борасида ўз муносабатларини билдирмоқда. Хусусан, бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам ўз фикр-мулоҳазалари, муносабатларини баён қилмоқда.

Актам ҲАИТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари:

— Етти иқлимда “Ер юзининг сайқали” деб ном олган Самарқанд илм-маърифат маркази ва маданият, маънавиятнинг бешиги бўлган. Дунё кутубхоналарида сақланаётган маънавиятимизнинг олтин дурдоналари —нодир асарлар айнан шу заминда дунёга келган.

Бугун ҳам афсонавий шаҳарнинг узоқ ўтимишини акс эттирадиган мунаввар кошоналари, муаттар ҳавоси, қадимий обидалари дунё аҳлини ўзига ром этмоқда. Йилнинг тўрт фаслида ҳам бу ердан сайёҳлар қадами бир зум бўлсин, узилмайди.

2019 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан катта амбицияли лойиҳа бошланган эди. Қисқа вақт ичида Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида 212 гектар майдонда “Буюк ипак йўли” Халқаро туризм марказини қуришга киришилди. Бугун замонавий кўринишда қад ростлаган ушбу мажмуа муболағасиз жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллик тўйига муносиб совға бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 23 август куни “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилиш маросимида иштирок этиб, марказдан ўрин олган “Боқий шаҳар” мажмуаси ҳовлисида самарқандлик нуронийлар, зиёлилар билан самимий суҳбат қилди.

Мажмуа очилишида иштирок этарканман, бунёдкорлик ишларини кўриб, кўзимиз қувонди, дилимиз яйради, катта ғурур ва ифтихорни ҳис қилдик. Беихтиёр Амир Темур бобомизнинг “Бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг” деган пурмаъно сўзлари ёдимга тушди.

Марказ ҳар қандай сайёҳни қадимий афсоналар оламига, тарихий обидалар дунёсига олиб кирадиган том маънодаги ноёб лойиҳа, десак муболаға эмас. Марказни “Буюк ипак йўли” деб номланганида ҳам чуқур маъно бор. Сабаби муҳташам мажмуада ўша даврга оид тарихий манзаралар акс эттирилган. Бу ерга келган инсон нафақат қадимий Самарқанд бағрида, балки бутун Ўзбекистон заминида юргандек бўлади.

Хайрулло ҒАФФОРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари:

— Мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан Самарқандга инсоният маданий-тарихий ривожланишининг муҳим марказларидан бири сифатида тутган тарихий ўрни ва аҳамияти қайтарилмоқда. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази мамлакатимизда ҳозирги пайтда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприк бўлади.

Мажмуага “Буюк ипак йўли” деб ном берилгани замирида чуқур маъно бор. Асрлар давомида Хитойнинг қадимий Сиан шаҳридан бошланиб, дунёнинг кўплаб мамлакатлари ҳудудидан ўтган ва кўҳна Римга қадар етиб борган бу улкан савдо йўли жаҳон халқлари ўртасидаги иқтисодий, маданий-маърифий мулоқот воситаси бўлиб келган. Боқий Самарқанд эса Буюк ипак йўлининг асосий манзилларидан бири бўлган. Улуғвор меъморий мажмуада азим шаҳарнинг тарихий акси намоён этилган. Хусусан, “Боқий шаҳар” мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган тасвирлардан фойдаланилган.

Буюк ипак йўли орқали ривожланган тарихий анъаналарни, бугун тараққиёт, маданият, дўстлик ва ҳамкорлик йўли сифатида қайта тикланиши дунё ҳамжамияти билан турли соҳалардаги алоқаларни кучайтиришга, мамлакатимизга замонавий илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар, инвестициялар, янги, илғор ғоялар кириб келишига имконият яратади.

Энг муҳими, бўлаётган ўзгаришларни, амалга оширилаётган ислоҳотларни одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Самарқанд қиёфасини тубдан ўзгартириб юборган ушбу бунёдкорлик ишларини, яратилаётган қулайликларни нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам кенг тарғиб қилишимиз керак.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси, халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан ҳудудда қад ростлаган замонавий, улуғвор меъморий мажмуа юртимизнинг туризм соҳасини янада юқори босқичга олиб чиқишга қўшимча имкониятлар яратиб беради ҳамда бу соҳада кўплаб иш ўринлари очилишига, аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.

 

Муҳтарама Комилова тайёрлади,  
ЎзА