Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида ўзбек пахтасига қўйилган бойкот бекор қилинди. Бу ўзбек пахтасининг жаҳон бозорига чиқиш имкониятини янада кенгайтирди.
Бугунги кунда пахта-тўқимачилик соҳасидаги кўплаб йирик бренд корхоналарнинг вакиллари юртимизга ташриф буюриб, ушбу соҳага инвестиция киритиш истагини билдирмоқда.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги мажлисида бу алоҳида қайд этилди.
Олий Мажлис Сенати раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида жорий йил биринчи ярмида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Қонунчилик базасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ишлари изчил давом эттирилди. Хусусан, саккизта норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди ва амалиётга татбиқ этилди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг «Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида»ги конвенцияси ратификация қилинди. Мазкур ҳужжат қурилиш соҳасида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади.
Бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилотининг соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида меҳнат муносабатларини тартибга солишни назарда тутадиган тегишли конвенцияларини ратификация қилиш масалалари Миллий комиссия аъзолари томонидан ўрганилмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлардан халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш мақсадида қатор халқаро тадбирлар ташкил этилди.
Бунинг натижаси ўлароқ АҚШ Давлат департаментининг яқинда эълон қилинган «Одам савдоси бўйича йиллик ҳисоботи»да Ўзбекистон халқаро стандартларни тўлиқ бажариш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошираётган давлатлар рўйхати (2-тоифа)дан яна жой олди. Бу билан 2021 йилдаги кўрсаткич такрорланди.
Жорий йилги ҳисоботда Ўзбекистонда пандемия шароитида одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар юқори баҳоланган. Хусусан, одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар, шу жумладан, фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилган расмийларни аниқлаш ва уларни жазога тортиш, пахта теримига фуқароларни мажбурий жалб қилиш ҳолатлари кескин қисқаргани, одам савдоси қурбонлари учун бошпаналар ташкил қилишга маблағ ажратишга катта эътибор берилгани эътироф этилган.
Тадбирда АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маъруза ҳамда унда Ўзбекистон эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар юзасидан билдирилган тавсиялар муҳокама этилиб, мазкур тавсияларни амалиётга татбиқ этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.
Йиғилишда Миллий комиссияси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон тўқимачилик саноатига халқаро техник стандартларни ва ишлаб чиқариш талабларини жорий этиш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳаси муҳокама этилди.
Мазкур «Йўл харитаси»да тўқимачилик корхоналарида техник ва ишлаб чиқариш стандартларини халқаро даражага мослаштириш, халқаро бренд ва йирик компанияларнинг маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилишга, пахта-тўқимачилик саноатидаги корхоналар фаолиятига халқаро тан олинган меҳнат, ишлаб чиқариш, техник ва бошқа стандартларни кенг татбиқ қилишга қаратилган 20 га яқин тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Мажлисда Миллий комиссия таркибидаги Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияга раҳбарлик қилаётган Ички ишлар вазирлиги ҳамда Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияга раҳбарлик қилаётган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ахборотлари эшитилди.
Миллий комиссия аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА