Мамлакатимизда сўнгги йилларда умумхалқ манфаати, инсон қадри каби тушунчаларга эътибор янада ортди.

Фуқаролар билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб, имкон қадар жойида ҳал этиш тартиби изга тушди. Бугун одамларни рози қилиш ҳар бир давлат органи ва мансабдор шахс зиммасидаги кундалик вазифага айланди.

Бу ҳақда сўз борганда мурожаатлар билан ишлаш масаласи муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш лозим. Бу жараёнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан мурожаатлар билан ишлаш фаолиятида алоҳида амалиёт йўлга қўйилган бўлиб, келиб тушган ҳар қандай таклифларга соҳанинг малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда комплекс ёндашиш орқали муаммога ечим топиш йўлида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Саъй-ҳаракатлар натижалари ўлароқ тегишли қонун ҳужжатлари ҳамда соҳа фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ташкил этилган фуқаро қабули ҳам ушбу йўналишдаги фаолиятнинг амалий давоми бўлди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролар Ф.Абдураҳмонов ва Б.Қурбоновлар Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева бошчилигида қўмита аъзолари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси, Тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги вакиллари, соҳадаги қатор малакали экспертларнинг бевосита қатнашувида қабул қилинди.

Ушбу жараёнда мурожаатчиларнинг ногиронлиги бўлган инсонларга жорий қилинган имтиёзлар, шу жумладан ёшга доир ва ногиронлик пенсиялари, уй-жой таъминоти масалаларига доир сўровлари, шунингдек, бу борада қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва кафолатларни барча тоифадаги, яъни I, II ва III гуруҳ ногиронлиги бўлган инсонларга бир хилда татбиқ этиш, ногиронлиги бўлган ва юклатилган вазифаларни бажаришга қодир инсонлар Сенат аъзоси, Қонунчилик палатасининг ва маҳаллий Кенгашларнинг депутати бўлиб сайланиши учун квоталар белгилаш каби таклифлари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда Қонунчилик палатаси депутатлари ва мутахассислар ҳозирда мамлакатимизда ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий таъминоти, таълим олишида муносиб шарт-шароит яратилишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди.

Қабул жараёнида ҳар бир таклиф юзасидан халқаро ҳужжатлар ва хорижий тажриба бўйича фикрлар алмашилди. Экспертлар фикри эшитилиб, қабул жараёнининг ўзида миллий қонунчилик талаблари юзасидан фуқароларга батафсил тушунтиришлар берилди.

Шу билан бирга, кўтарилган масалалар тааллуқли бўлган соҳалардаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича мутахассислар иштирокида илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш ҳақида келишиб олинди.

 

ЎзА