Ҳатто Сталин ҳам ҳайиққани айтиладиган адиб – Максим Горький ҳақида билмаган, унинг асарларини мутолаа қилмаган киши топилмаса керак.

Ана шундай таниқли ёзувчига ош дамлаб, у билан қалин дўст тутинган андижонлик савдогар ҳақида эса ҳали ҳеч ким билмайди.

Гап Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи таниқли режиссёр Толиб Ҳамидовнинг отаси  Ҳамид ҳожи Тошматов ҳақида. Ҳамид ҳожи Тошматов 1922 йилларда Шаҳрихон шаҳар савдо идорасида таъминотчи бўлиб фаолият юритган. Шу сабаб Москвага тижорат ишлари билан кўп бор қатнаб турган. Ўша пайтлар у машҳур ёзувчи Максим Горький билан танишиб қолади.

Иккиси бир-бирлари билан дилдан суҳбатлашаётган чоғда, Ҳамид ҳожи унга ўзбек палови ҳақида айтади. Палов ёғли ва мазали бўлиши, Ўзбекистондан бошқа жойда тайёрланмаслигини ҳам келтириб ўтади. Горький ҳам унинг бу гапларидан сўнг, ўша паловдан тайёрлаб беришини илтимос қилади.

Албатта, буюк пролетар адибининг бу илтимоси ерда қолмайди. Ҳамид ҳожи ишларини битириб, ўз юртига қайтади. Орадан бир икки ой вақт ўтиб, яна Москвага боради. Бу сафар у бир ошлик харажатни елкасида олиб келади ва улуғ ёзувчига ўзбекларнинг ёғлиқ паловидан дамлаб беради. Ўша вақтда иккаласи терлаб-пишиб роса паловхўрлик қилишади.

Ҳамид ҳожи Тошматов 1896 йилда туманнинг “Оқ масжид” маҳалласида туғилган. Ёшлигидан оғир-босиқ, илм ва санъатга қизиқувчан, Ҳамид ҳожи Тошматов ўз даврида диний билимни ҳам мукаммал эгаллаган, рус ва бошқа тилларни яхши билган кишилардан бири эди.

У аввал Андижонда, сўнг Бухородаги Мир араб мадрасаларида Мухтор Ашрафий ҳамда Қори Ёқубов каби улуғлар билан биргаликда ўқийди. Кейинчалик улар санъат йўналиши томон қадам ташласалар, Ҳамид ҳожи Шаҳрихон шаҳар савдо идорасида таъминотчи бўлиб фаолият юритади.

Айёвсиз қатағон даврининг сўнгги йилларида унинг ҳам бошидан кўп иссиқ-совуқлар ўтади, қийинчиликларга учрайди. Лекин, 6 нафар фарзандни улғайтириш, уларни тўғри йўлга солишда чалғимайди.

Режиссёр Толиб Тошматов отаси ҳақида шундай деди:

– Отам эл-юрт эътиборидаги инсон эди. У кишини нафақат шаҳрихонликлар, балки мамлакатимизнинг бошқа жойларида ҳам ҳурмат қилувчилар кўп эди. Ўша даврларда юртимизда масжидлар ёпиб ташланганди. Уларни очиш, жамоа бўлиб намоз ўқишни йўлга қўйиш, фақат Москванинг рухсати билан амалга ошириларди. Бухоро мадрасасида Мухтор Ашрафий, Қори Ёқубов, Тўхтасин Жалолов каби адабиёт билимдонлари билан бирга ўқиган отам 1958 йилда Зиёддин қори раҳбарлигида Москвага боришади ва “Девонбой” масжидини очишга рухсат олиб келишади. Шу ташаббуслари ва меҳнатлари муносиб тақдирланиб, Ҳажга боришга, Каъбатуллони тавоф қилишга муяссар бўлди. Падари бузрукворим 105 ёшида вафот этади.

Аббос Йўлдошев, журналист