24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар тилади.
Икки томонлама кун тартибидаги ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Жорий йил 2-3 июнь кунлари Тожикистон Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи якунида эришилган келишувларни бажариш бўйича “йўл харитаси”ни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Энг аввало энергетика соҳасидаги кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил сентябрь ойида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.