Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда “Kazinform” халқаро ахборот агентлиги хабар берди.
Мулоқот чоғида раҳбарлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболини атрофлича муҳокама қилдилар.
Тоқаев оғир геосиёсий вазиятга қарамай, Қозоғистоннинг муҳим стратегик ҳамкори – Россия билан алоқа жадал ривожланаётганини таъкидлаган.
– Ҳурматли Владимир Владимирович, ушбу нуфузли Санкт-Петербург иқтисодий форумида иштирок этиш таклифингизни мамнуният билан қабул қилдим, – деди Президент. – Ҳисоботингизни диққат билан тингладим. Баёнот мазмуни ва ҳажми жиҳатидан халқларимизга берилган муҳим хабар, дейиш мумкин. Анжуман қатнашчилари буни жуда илиқ кутиб олди.
Қозоғистон етакчиси, шунингдек, икки томонлама шериклик хусусида фикр билдирди. Саноат ва қишлоқ хўжалигида аниқ лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил Қозоғистон ва Россия ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил тўлди. Президентлар икки томонлама ҳамкорликни жадаллаштиришда сезиларли ютуқларга эришилгани, бу борада муносабат янада ривож топишини алоҳида таъкидлади.
Ўз навбатида, Россия Президенти икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқа бундан кейин ҳам мустаҳкамланишини маълум қилди.
– Форумга келганингиз учун катта раҳмат, – дея миннатдорлик билдирди Путин. – Мамлакатларимиз ўртасидаги муҳим йўналишлар, айниқса, иқтисодий соҳада фикр алмашишимиз қувонарли воқеа бўлди.
Тадбирда Қозоғистон иқтисодиётига киритилган сармоя 17 миллиард долларни ташкил этиши айтиб ўтилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда. Ўтган йил бу кўрсаткич 25 миллиард долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг дастлабки уч ойида бу кўрсаткич 12 миллиард доллардан ошган.
ЎзА