Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов тез орада ташқи транспорт қатновини қайта тиклашга кўрсатма берди.

Давлат раҳбарининг топшириғи Туркманистон телевидениеси «Ватан» ахборот дастури орқали маълум қилинди, деб ёзади «Туркманпортал» янгиликлар сайти.

Ижтимоий тармоқ маълумотларига кўра, Туркманистон Президенти дунёда эпидемиологик вазият меъёрига тушгани, кўп мамлакатлар хорижликлар учун очилганини эслатган.

Туркманистон ва бошқа мамлакатлар ўртасида мунтазам ҳаво қатнови COVID-19 бошланган паллада, яъни 2020 йил баҳорда тўхтаган эди. Жорий йил 6 май куни мамлакат ҳаво қатновини қисман қайта тиклаши эълон қилинди.

Ҳозирча Ашхободдан икки йўналишда – Қозон ва Дубайга самолёт учяпти. 1 июндан бошлаб Ўзбекистон юк автотранспорт воситалари ташкилий жамланмаси (автоколонна) ҳаракатланиши орқали Туркманистон ҳудуди бўйлаб транзит ташувини амалга ошириш мумкин.

ЎзА