Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг бешинчи йиғилиши давомида соҳага оид муҳим таклиф, ташаббуслар илгари сурилди.
Томонлар ШҲТ низоми ва бошқа ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда, ҳукуматлар ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимда белгиланган келишувларни амалга ошириш ва ҳар томонлама ривожлантиришга келишиб олдилар.
Мулоқот якунида аъзо давлатлар аҳолисининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш, юқумли ва юқумли бўлмаган хасталиклар тарқалишига қарши курашиш, бундай касалликларни эрта аниқлаш, даволаш ва реабилитация қилиш йўналишларида шерикликни изчил давом эттириш таклифи бир овоздан мақулланди.
Ташкилот доирасида коронавирусга қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш ва ривожланаётган мамлакатларда вакцина каби ижтимоий маҳсулотдан фойдаланишни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди. Тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш учун техник алмашинувни кучайтириш таклиф этилди.
Йиғилишда, шунингдек, репродуктив саломатлик, COVID-19дан кейинги реабилитация, ШҲТга аъзо давлатлар етакчи тиббиёт марказлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, эмлаш сертификатларини ўзаро тан олиш, коронавирус инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ва илғор муолажа усулларини татбиқ этиш йўналишида тажриба алмашиш истиқболи белгиланди.
– 2022 йил ШҲТ доирасида кўплаб касалликларнинг олдини олиш ва хасталикларга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга қаратилган айрим ҳужжатлар қабул қилинади, – деди тадбирда онлайн тарзда иштирок этган ташкилот бош котиби Чжан Мин. – Амалий ҳаракат орқали тузилмамиз ўз сиёсий салоҳиятини эпидемияга қарши глобал курашда ҳам намоён этди. Вирусга қарши умумий йўналишни белгилашда халқаро ҳамжамиятга ёрдам берди.
Халқ табобати соҳасида ҳам тиббиёт муассасалари ҳамкорлигини изчил ривожлантириш, аъзо давлатлар тиббий касб-ҳунар марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, юқумли ва сурункали касалликларнинг олдини олиш, бундай хсаталикларни назорат қилиш, тиббий тадқиқот олиб бориш, она ва бола саломатлигини муҳофаза этиш каби устувор соҳалардаги ҳаракатлар суръатини ошириш тўғрисида фикр билдирилди.
Бундан ташқари, телетиббиёт технологиясини қўллаш, халқ табобати, фармацевтика ва санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари малакасини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатни бирлаштиришга келишиб олинди.
– Саломатлик ривожланишнинг асосий таркибий қисми, – деди мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев. – соҳада яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш, моҳиятан, давом этади. Бу сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконини оширади.
Томонлар телетиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси ва етакчи тиббиёт марказлари билан юқумли касалликларнинг олдини олиш ва беморларни даволаш, COVID-19дан кейинги реабилитация жараёнида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасини кўриб чиқди ва маъқуллади.
Анжуман ниҳоясида якуний баён қабул қилинди.
Беҳруз Худойбердиев,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА