Оддий деҳқон оиласиданман. «Малибу»ни дадамга совға қилдим

Хитойда бўлиб ўтган футбол бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси шохсупанинг юқори поғонасидан жой олиб, ғолиблик нашидасини сурди. Терма жамоамиз аъзоси Одилбек Ҳамробеков халқаро турнирда наинки терма жамоамизнинг, балки, турнирнинг энг фойдали футболчиси сифатида эътироф этилди. Одилбек билан суҳбатимиз унинг фаолияти ҳақида бўлди. 

Сизда футболга бўлган қизиқиш қачон чинакам мақсадга айланган? Чунки футболга барча болалар қизиқади, лекин ҳамма ҳам футболчи бўлавермайди… 

– Ёшлигимда ўртоқларим билан ҳар кун футбол ўйнардик. Келгусида чинакам футболчи бўлиш истаги ўша вақтлардаёқ пайдо бўлган. Ва мен шу йўлни танладим.

– Наманган – ҳақиқатдан ҳам истеъдодлар макони. Лекин, Сиз Қаршида футбол таҳсилини олишни лозим топдингиз? 

– Буни тарихи узун. Футбол сирларини мактабда устозим Маҳмуджон Раҳимов ўргатган. У кишининг тавсияси билан Тўрақўрғонга бордим. «Навбаҳор» футбол мактабида таҳсил олишни режалаштирган эдим. Лекин ўйин тактикам уларга тўғри келмади чоғи, мени мактабга қабул қилишмади. 2011 йил Қаршидаги «Насаф» футбол академиясига йўл олдим ва Қаршида таҳсилни давом эттирдим. Ўшандан буён «Насаф» клуби шарафини ҳимоя қилиб келяпман.

– Икки йил аввал тиббий кўриклардан сўнг анча вақт футбол ўйнамадингиз. Ўшанда нима бўлганди ўзи? Мана шу мураккаб вазиятдан қандай чиқдингиз?

– Жуда кўп мухлислар ўша вақтларда турли фикрлар билдиришган эди, шу масала юзасидан клубни, шифокорларни айблашди. Бу бўйича кескин танқидлар ҳам бўлган. Мавриди келганда айтай, мен бундай фикрдан йироқман ва ноўрин фикрларга қўшилмайман. Бундай ўйлайдиганларга жавобим шундайки, мени тиббий кўрикдан ўтказгандан сўнг футбол ўйнашдан вақтинча тўхтатишди. Ўша вақтдаги мураббий мени олимпия саралаш учрашувларига олиб кетишга роса ҳаракат қилди. Шифоркорларга кўрсатишди. Даволаниб чиқдим, шунда ҳам шифокорлар рухсат беришмади. Шунда ўзим ҳам саломатлигимга жиддий шикаст етган деб ҳавотирга тушдим. «Насаф» клубига катта раҳмат айтаман, чунки клуб раҳбарлари мени ёлғизлатиб қўймасдан Германияга тиббий кўрикдан ўтказишга юборишди. Германиялик шифокор менга: «Бориб шифокорларингга раҳмат айтиб қўйгин, сени футболдан вақтида тўхтатишибди. Энди аста-аста ўйнасанг бўлаверади» – деди. Хуллас, Германиядан янги умид ва ишонч билан қайтдим, ўзгача бир соғинч билан футбол ўйнашни бошладим, ўз устимда астойдил шуғулландим.

– Осиё чемпионатининг энг фойдали футболчиси сифатида эътироф этилишингизни кутганмидингиз? Бир томондан «Малибу» машинаси, иккинчи томондан 20000 АҚШ доллари. Бу – меҳнат ва истеъдоднинг катта ғалабаси, Президент эътиборининг маҳсули! Оилангиздагилар бу ҳолатни қандай нишонлашди?

– Жамоадошларимнинг барчасига раҳмат! Биласиз, футбол якка кураш эмас, жамоавий ўйин ҳисобланади. Барча дўстларим кўмагида шу муваффақиятни қўлга киритдик. Шундай Президентимиз борлигидан фахрланаман! У кишининг «instagram»даги саҳифаларини мунтазам кузатиб бораман. Ўша куни биз ҳақимиздаги илиқ фикрларни эшитиб, ўзимга бўлган ишонч янада кучайди. Ўзимга руҳий далда, кўмак олдим. Оиламдагилар ҳам жуда хурсанд бўлишди. Оддий деҳқон оиласиданман. «Малибу»ни дадамга совға қилдим. Ота-онамизга қанча совға берсак шунча оз.

– Таиланд ва Хитойдан сўнг Қаршида ҳам ажойиб ғалаба нашидасини сурдингиз. Узоқ йўл, давомли машғулотлар ва қийин кечган турнирдан кейин Қаршидаги ўйинга руҳан тайёр бўлиш осон кечмагандир?

– Тўғри, осон кечмади. Ўйиндан кейин эрта тонгда йўлга чиқиб, то аэропортга келгунча чарчоқ аломатлари сезилаётган эди. Кечаси 24:00 бўлишига қармай бизни жуда катта тантана билан кутиб олишгандан сўнг барча чарчоқлар эсдан чиқиб кетди. Ватанга ғалаба билан қайтиш ўзгача руҳ бағишлади. Юртдошларимиз билан қувончларимни баҳам кўрганимдан бошим осмонга етди. Бу кун бир умр хотирамда қолади энди. Қашқадарёлик мухлислар ҳам кутиб олишга келишган экан: эртага Қаршида кутамиз, эртага ғалаба қозанамиз, деб далда беришди. Шу кайфият билан эртаси куни яна ғалаба қозондик.

 
– Табиийки, ҳозир футбол мухлислари Сизларнинг авлодингизга катта умид боғламоқда. Бу ишончни оқлаш учун шахсан ўзингиз қандай режалар тузмоқдасиз? Гап шундаки, футболчи ўз маҳоратини оширишга индивидуал ёндошмас экан, у катта марраларни забт этолмайди.

– Жуда ҳам тўғри савол бердингиз. Энди менинг мақсадим – эришилган ғалабани унутиб, аввалгидан ҳам кўпроқ меҳнат қиламан. Олдинда масъулиятли ўйинлар турибди. Ғалабадан ҳаволаниб кетмаслик керак. Фақат олдинга интилиш шарт. Президент ва халқимиз ишончини оқлашни бутун вужудим, жону жаҳоним билан истайман.

– 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси мундиалда иштирок этадими? 

– 30 миллиондан ортиқ халқимиз жаҳон чемпионатига чиқишимизни шунча йилдан бери орзиқиб кутмоқда. Жамоадошларим ҳам буни ҳис қилиб туришибди. Олдимизда турган ўша марра – Жаҳон чемпионатига албатта борамиз! Бунга кучимиз ҳам имконимиз етади!

Санжарбек Ҳамидов суҳбатлашди.

 

ЎзА