Беларусь сайтида Самарқанд конференцияси мавзуси
Беларуснинг “EU Reporter” янгиликлар сайтида “Самарқандда кўришгунча: Брюссель музокараси Ўзбекистонда саммит ўтказиш учун замин яратди” сарлавҳали материал чоп этилди.
Мақолада Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсат ва хавфсизлик масаласи бўйича юқори даражадаги мулоқот доирасида минтақамизнинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари Брюсселда ЕИ юқори мартабали вакиллари билан учрашгани ҳақида сўз борган.
– Глобал халқаро вазият нотинч бўлиб турган бир пайтда ЕИнинг Марказий Осиё билан ҳамкорлиги ҳар қачонгидан муҳим, – дейилади, жумладан, ахборотда. – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон биргаликда Европа ва Осиё ўртасидаги кўприк вазифасини бажариши стратегик аҳамиятга эга.
Муаллиф Брюсселдаги йиғилишдан сўнг вазир ўринбосарлари навбатдаги “Марказий Осиё – ЕИ” вазирлар конференциясини 2022 йил охирида Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги қарорни яна бир бор маъқуллаганликларига алоҳида эътибор қаратган.
Беларусь сайти ёзишича, Еврокомиссия Ўзбекистон билан етти йиллик ҳамкорлик дастурига эга. Шундай экан, ЕК Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, трансформация ва интеграция жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Б.Худойбердиев, ЎзА