Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни мамлакатимиздаги фаол тадбиркорлар билан учрашди. Видеоселектор шаклида ўтган мулоқотда соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича йил якунлари ва 2025 йилга мўлжалланган режалар муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, бу борадаги асосий мақсад ва натижаларни кўрсатиб ўтди.

– Тадбиркорликни ривожлантириш – биз учун стратегик вазифа. Бизнинг таянчимиз ҳам, суянчимиз ҳам, энг катта кучимиз ҳам шу соҳада мужассам. Шу боис тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказдан тортиб энг қуйи бўғингача – барча раҳбарларнинг кундалик иши бўлиши шарт. Айниқса, жойларда ҳокимлар ҳар бир тадбиркор билан кўпроқ мулоқот қилиб, корхоналарга бориб, уларнинг дарди билан яшаши керак. Биз катта иқтидор эгалари бўлган бизнес вакилларини асрашимиз, авайлашимиз зарур. Улар биз учун жуда қадрли инсонлар, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу аҳамиятдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилган. Бу кенгаш давлат ва тадбиркорлар ўртасида кўприк бўлиб, аниқ таклифларни билдириб келмоқда. Жорий йилнинг ўзида тадбиркорлар фаолияти учун ғоят муҳим бўлган 5 та қонун, 101 та фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Йил якуни билан ажратилган жами кредитлар 275 триллион сўмни ташкил қилади. 2025 йилда бу 300 триллион сўмдан ошиши ҳисоб-китоб қилинган. Айниқса, кичик бизнесга бериладиган кредитлар улуши ҳозирги 28 фоиздан 40 фоизга оширилиб, 120 триллион сўмга етказилади.

Тадбиркорлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, банклар 2025 йилда четдан давлат кафолатисиз 6 миллиард доллар олиб келишни режалаштирган.

Факторингга кенг йўл очилгани натижасида шу йилнинг ўзида 100 миллион долларлик бундай хизматлар кўрсатилган.

Бизнес учун йўл, сув, электр, газ, темир йўл каби инфратузилмалар учун бу йил 35 триллион сўм йўналтирилган. Келгуси йил яна 43 триллион сўм режалаштирилган.

Корхоналарни барқарор энергия билан таъминлаш учун электр ишлаб чиқариш 82 миллиард киловатт соатга етди. Бу йил ишга тушган 6,3 миллиард долларлик 17 та энергия қувватлари ҳисобига, келгуси йилда қарийб 90 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Бу ишларни давом эттириб, 2025 йилда яна 6,4 миллиард долларлик 25 та лойиҳа доирасида 4,8 гигаватт янги қувватлар барпо этилади.

Ҳозирги кунда юртимизда мустақил энергия ишлаб чиқарувчилар сони 24 тага етди. 2025 йилда илк бор электр энергиясининг онлайн улгуржи бозори ишга тушади. Тажриба сифатида Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёдаги электр тармоқлари хусусий секторга берилади.

Туризм соҳаси ҳам ривожланмоқда. Тадбиркорларнинг 6,5 триллион сўм сармояси билан 24 минг ўринли меҳмонхоналар ишга тушди. Келгуси йилда меҳмон ўринлари яна 30 мингга ошади. Бу йил ишга тушган 17 та йирик савдо ва туристик маскан ёнига келаси йили яна 25 та шундай мажмуалар қўшилади.

Савдони ривожлантириш бўйича алоҳида компания ташкил этилиб, экспортни молиялаштириш учун 350 миллион доллар берилди. Натижада бу пулдан берилган ҳар 1 доллар орқали тадбиркорлар 6 долларлик экспорт қилди. Келаси йил яна 300 миллион доллар йўналтирилади.

Тадбиркорлар бу йили 11,5 триллион сўмлик 3 мингта давлат мулки ва 4 минг гектар ерни сотиб олиб, бизнесини бошлади. Келгуси йил яна 4,5 минг бино ва 6 минг гектар ерлар тадбиркорларга таклиф қилинади.

Узоқ йиллардан бери давлат монополиясида бўлган йўлларни таъмирлаш ва сақлашга хусусий секторни жалб қилиш кенгайтирилади. Бу йил 260 километр йўлларни сақлаш ишлари тадбиркорларга берилди. Келаси йили бу 3 минг километрга етказилади. Осиё тараққиёт банки иштирокида 86 та туманда қуриладиган 841 километр йўллар тўлиқ маҳаллий пудратчилар томонидан амалга оширилади.

Темир йўл соҳасида рақамлаштириш ва операцион самарадорликни ошириш ҳисобига, юк ташиш муддатлари 40 фоизга қисқарди. Муҳими, станцияларда юкларни тўловсиз тушириш вақти 2 соатдан 3 кунга узайгани учун тадбиркорлар йилига 57 миллиард сўм тежаяпти.

Авиация соҳасида хусусий компаниялар сони 14 тага етди. Қўшимча 6 та юк ва 16 та йўловчи ҳаво кемаси олиб келинди. Бухоро, Наманган аэропортлари хусусий шерикликка берилди, Андижон ва Урганч аэропортлари бўйича тендер давом этаяпти.

Давлатимиз раҳбари қулай ва жозибадор бизнес муҳитини сақлаб қолиш учун барқарор солиқ сиёсати юритилишини таъкидлади.

Жумладан, ҳозирги кунда бюджет тушумлари қанчалик зарур бўлмасин, асосий солиқлар бўйича ставкалар ўзгармайди. Шунингдек, 1 январдан бошлаб, ер ёки давлат мулки қўшилган қиймат солиғисиз сотилади, мобиль алоқа учун акциз солиғи бекор қилинади. Шаҳар чегарасидаги қишлоқ ерларига 2 карра ер солиғини ҳисоблаш тўхтатилади. Нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йилга озод этилади.

Бундан ташқари, IT-парк резидентларига барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этиш бўйича имтиёзлар 2040 йилгача узайтирилади. Хусусий мактаб ва боғчалар, хорижий ўқитувчи ва мутахассислар учун берилган барча солиқ имтиёзлари 2030 йилгача амал қилади.

Маълумки, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни якуний босқичга кираяпти. Иқтисодиётда бу ташкилот қоидаларига зид бўлган имтиёзлар бекор қилинаяпти. Шу боис тадбиркорларнинг адолатли рақобат муҳитида ишлаши учун барча шароитлар яратилиши айтилди.

Бизнес учун транспорт ва логистика масаласи жуда муҳим. Шу боис қўшни давлатлар билан келишилиб, “Хонобод”, “Мингтепа”, “Қорасув” ва “Учқўрғон” чегара постлари тикланди. Келгуси йилда “Ғишткўприк”, “Навоий”, “Довут-ота”, “Шовот” ва “Гулбаҳор” чегара постларида қўшимча коридорлар қурилиб, ўтказиш қуввати 5 карра оширилади.

Умуман, мураккаб геосиёсий шароитга қарамай, бу йил мамлакатимиз иқтисодиёти 6,3 фоизга ошиб, 111 миллиард доллардан кўпайди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасига 38 миллиард доллар инвестиция кирди, экспорт 26 миллиард доллардан ошди.

Давлатимиз раҳбари бу натижаларда, аҳолини иш билан таъминлаш ва камбағалчиликни қисқартиришда тадбиркорларнинг ўрни катта эканини таъкидлаб, уларга миннатдорлик билдирди.

Бу суръатни давом эттириб, келгуси йилда ялпи ички маҳсулотни 120 миллиард долларга ва экспортни 30 миллиардга етказиш, 42 миллиарддан зиёд инвестиция жалб этиш мўлжалланмоқда.

Бу марраларга эришиш учун тадбиркорликка янада кенг имкониятлар бериш зарур. Учрашувда шулар ҳақда фикр алмашилди. Тадбиркорлар бизнес қоидаларини соддалаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қиймат ва экспортни кескин ошириш бўйича таклифларини айтди. Барча фикр-мулоҳазалар очиқ муҳокама қилиниб, керакли чора-тадбирлар белгиланди.

Аввало, хусусий секторда ишловчи одамларнинг даромадини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шу мақсадда, камида 2,5 миллион сўм ойлик маош тўлайдиган, 15 фоиз ишчиси эҳтиёжманд оиладан бўлган, тайёр маҳсулот чиқарувчи тўқимачилик ва чарм корхоналарига енгилликлар берилади. Уларнинг фойда солиғи ҳам, ишчисининг даромад солиғи ҳам 1 фоиз бўлади.

Давлатимиз раҳбари шундай ижтимоий мезон асосида бошқа тармоқларга ҳам қулайлик яратишга тайёрлигини билдирди.

Энди тадбиркорлар банк кредити билан чекланиб қолмасдан, халқаро стандартларга мослашиб, четдан мустақил маблағ олиб келиши керак. Бунинг учун халқаро консалтинг компанияларини жалб қилиб, тадбиркорларнинг ташқи молия бозорларига чиқишига кўмаклашувчи марказ очилиши айтилди.

Юртимизда ишчилари 5 мингдан зиёд, йиллик даромади 1 триллион сўмдан ошган 142 нафар “чемпион” тадбиркор бор. Улар “бир тармоқдан – кўп тармоқли” корпорацияга айланиб, ёндош соҳалар ривожига ҳам катта ҳисса қўшаяпти.

Бундай салоҳиятли тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, бошқаларни ҳам эргаштириш мақсадида уларга ер ва бинони тўғридан-тўғри бериш, давлат корхоналарини ҳам узоқ муддатга бошқарувга топшириш мумкин бўлади.

Маълумки, дунёдаги 10 та энг бой компаниянинг 7 таси ахборот технологиялари ва молиявий хизмат соҳаларидан чиққан. Юртимизда ҳам бундай компаниялар кўпайиши учун қулайликлар оширилади. Хусусан, уларга тадқиқот ва ривожланиш марказлари (R&D) учун лаборатория жиҳозларини, технологик ускуналарни божсиз олиб келишга рухсат берилади.

Мамлакатимиздаги мингга яқин конларда 100 дан ортиқ турдаги минерал хомашё захираси мавжуд. Уларнинг негизида юқори қийматли маҳсулотлар тайёрланиши учун январда 400 та янги кон аукционга чиқарилиши маълум қилинди.

Пахта ва ғалладан қисқарадиган ерлар 50 гектаргача йирик лотларда аукционга қўйилиб, саноатлашган плантация қилиш учун профессионал инвесторларга сотилади. Бу ерлардаги 20 сотихгача майдонда шок усулида музлатиш, саралаш ва қадоқлаш цехлари қуришга рухсат берилади.

Тадбиркорликка оид қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти ва замон талабларига мослаштириш мақсадида янгиланган Божхона кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доим тайёрлигини таъкидлади.

– Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Биз давлат миқёсида қандай катта мақсад ва вазифаларни ўз олдимизга қўймайлик, уларни амалга оширишда бутун халқимиз билан бирга, аввало, сизларга таянамиз. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи, – деди Президент.