2022 йил январь-март ойида 5 972 та корхонада 11 315 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган, 2 483 нафар мансабдор шахсга нисбатан 4 миллиард 864 миллион 600 минг сўм маъмурий жарималар қўлланилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Қайд этилишича, бу даврда республика бўйича ишлаб чиқаришда юз берган 132 та бахтсиз ҳодисаларда 26 таси ўлим билан тугаган, 97 таси оқибати оғир ва 9 таси гуруҳий бахтсиз ҳодисаларни ташкил этди.
Юз берган бахтсиз ҳодисалар натижасида 42 нафар ходим ҳалок бўлган, 104 нафар ходим оғир тан жароҳати ва 4 нафари енгил тан жароҳати олган.
Маълум қилинишича, бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш жараёнида 776 та аниқланган камчиликлар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган 115 та ёзма кўрсатмалар берилди ҳамда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун 110 нафар мансабдор шахсга нисбатан 223 миллион сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.
ЎзА