НЕГА ЎҚУВЧИ РЕПЕТИТОРГА БОРАДИ?

Мулоҳаза учун мавзу

Халқимизнинг “Ўқиган – олим, ўқимаган – ўзига золим”, деган ҳикмати бугун янада долзарб аҳамият касб этаётир. Жаҳон саҳнасидаги кўпгина кўнгилсиз ҳодисалар ҳам ана шу маърифатсизлик оқибатида содир бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин ўқиш ё ўқитиш истаги бўлмаса-чи?

Бугунги тизим талабга жавоб бермайди

 

Кўп ўқувчи мактаб, лицей ё коллежни битиргач, олий ўқув юртига киришни хоҳлайди. Лекин уларнинг онгида “Ўқишга кириш учун таниш-билиш, пул бўлиши ёки яхшилаб тайёрланиш керак!”, деган фикр шаклланиб қолган. Нима учун? Чунки кўпгина ҳудудларда бугунги умум ва ўрта таълим тизими талабга жавоб бермайди. Эътироз билдиришга шошилманг. Агар жавоб берганида, ўқувчининг онгида юқоридаги каби фикр эмас, “мен билимимга ишонаман, ўқишга албатта кираман!” деган ишонч бўларди. Таълим соҳасида етук мутахассис бўлмаган киши ҳам буни яққол кўриб-билиб турибди.
“Ёшликда олган билим – тошга ўйилган нақш”, дейди халқимиз. Лекин шу билим қай тарзда олиняпти? Ўзи умуман билим олиняптими? Агар умум ва ўрта махсус таълим тизимида ўқувчи яхши билим олса, нима учун яна шунча пул сарфлаб, вақт ажратиб қўшимча тайёрлов курсларига, репетиторларга боради?
Қолаверса, айрим таълим муассасаларида дарсни номигагина ўтиш ҳолатлари ҳали ҳам давом этмоқда-ки, мисолни узоққа бормай, ён-атрофимиздан ҳам бемалол топса бўлади. Жумладан, телеканаллардан бирида Тошкент вилоятидаги Оққўрғон қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежидаги ўқувчилар ҳаёти, дарс жараёни ва давомати тилга олинган. Унда информатика дарси учун компьютер яроқсизлиги, бу ҳол, ўқитувчининг айтишича, беш йилдан бери давом этаётгани, ўқувчилар фақат маъруза тинглаш билан чекланаётгани айтилади. Компьютер синфидаги компьютерларнинг ҳам ҳеч бири ишламайди.
Шунингдек, ушбу кўрсатувда коллеж битирувчиларининг ишга жойлашишдаги муаммолари, Бўка туман агросаноат ва транспорт касб-ҳунар коллежидаги давомат, ўқувчиларнинг дафтарлари тўлиқ эмаслиги, фан дарслиги йўқлиги, ўқувчи дарсни ўзлаштирмагани, баъзи гуруҳларда давоматни сунъий кўпайтириш мақсадида бошқа гуруҳлардан ўқувчилар олиб кирилгани акс эттирилган (қизиқувчилар қуйидаги линкдан видеони томоша қилишлари мумкин: https://www.youtube.com/watch?v=3U7stRNbM1I)
Жуда қизиқ, шундай эмасми? Президентимиз жаҳон талабларига жавоб берадиган, компьютер технологияларини пухта эгаллаган, замонавий фикрлайдиган ёшларни тарбиялаш зарурлигини таъкидлаб турса, бунинг учун барча шароитларни яратиш мақсадида туну кун меҳнат қилаётган бўлса-ю, таълим тизимидаги аҳвол эса..?!
Яна бир мисол: бир пайтлар мактаб тизимини, ўқитувчиларни ёппасига танқид қилиш авжига чиққан вақтларда Қашқадарё вилоятининг қайсидир туманидаги мактаб ҳақида кўрсатув узатилди. Унда ўқитувчи ўзиники қолиб, бошқа дарсга кириб ўтиргани, дарс ўтиш керак бўлган ўқитувчи эса конференцияда иштирок этаётгани тилга олинди. Айтинг, бундай ҳолатлар бошқа мактабда учрамайдими? Учрайди. Сизу бизнинг ўқувчилик йилларимизда ҳам синфхонада жим ўтиришни таъминлаш учунгина баъзи дарсларга бошқа фан ўқитувчиси кириб ўтириш ҳолатлари бўлган-ку! Нима учун? Чунки, мутахассис кадрлар, ўқитувчилар етишмайди.
Ҳеч бир бола билимли ё билимсиз, саводли ё саводсиз, истеъдодли ё истеъдодсиз бўлиб туғилмайди. Ҳаммаси болаликда интилувчан, қизиқувчан бўлади. Бора-бора бу қизиқиш кучайиши ё пасайиши уни ўраб турган муҳитга, унга нисбатан бўлган муносабатга боғлиқ.
Ўқитувчилар болаларнинг мактабга келмаслигидан, дарсдан қочиши-ю, давомат пасайиб кетишидан нолишади. Аммо бунга фақат ўқувчи айбдор эмаслиги, «қарс икки қўлдан чиқиши»ни хаёлига ҳам келтирмайди. Ўқувчига рағбат етишмаётгани, уни дарс эмас, ўқитувчининг дарс ўтиш услуби қониқтирмаётганини ўйлаб кўриш вақти келмадимикан? Бу ерда айб биргина ўқитувчида эмас, тизимда, муассасанинг моддий-техник аҳволида ҳамдир.
Тарих фани ўқитувчимиз дарсни жуда қизиқарли ўтарди. Дарс жараёнида тарих дарслигидан ташқари манбаларда келтирилган маълумотлардан усталик билан фойдаланар, қизиқарли афсонаю ҳикояларни ҳам айтиб берарди. Биз унинг дарсида сеҳрлангандай ўтирар, тарих кўз олдимизда жонлангандек ҳайратга тушардик. Ўз ўрнида шундай талабчан эдики, уйга вазифани тайёрламай бориш биз учун қўрқув эмас, уят, ор ҳисобланарди.
Бир журналист дўстим ўтган йили пойтахтда вақтинча рўйхатга туриш (прописка) муддати тугаб, уч-тўрт ой қишлоғида юриб келди. Келгач, уйда бекор ўтирмай, деб мактабга ишга кирмоқчи бўлганини, мактаб раҳбарияти тил ва адабиётдан (дўстим нари борса шу фанлардан дарс бериши мумкин) ўқитувчи бор бўлгани учун уни инглиз тили ўқитувчиси қилиб олгани, уч-тўрт ой болаларга ўзи билмаган фандан «сабоқ» бергани ҳақида кула-кула сўзлаб берган эди. Хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг.

 

Илғор педагогик технология – нима ўзи у?

 

Кўпчилик ёдлаб олган ва тўтиқушдай такрорлайдиган гап бор – илғор педагогик технология, интерфаол методлар, дарсга креатив (ижодий) ёндашув. Бу тушунчалар ҳақидаги маърузаларни ўқиб чиқсангиз, эҳ-ҳе, биз дунёдаги энг етакчи таълим тизимига эга Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Финляндия давлатларидан ҳам ўзиб кетишимиз керакдек. Лекин амалда бу қанчалик ҳаётга татбиқ этилаётгани бизга қоронғу.
Комиссия келганда дарсни гўёки ўйин услубида ўтиш – ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб, қўлларига рангли қоғозчалар тарқатиш, жавобини эса олдиндан айтиб қўйиш (мактаб давридан эсимда қолган) ёки йиллаб сақлаб қўйиладиган видеопроекторни қўшиб қўйиб, дарсга оид электрон материалларни ўқувчиларга кўрсатиш – илғор педагогик технология, интерфаол метод дегани эмас. Ҳозир мактабларда дарслар қай даражада ўқитилаётгани ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмасдирмиз, лекин кўп жойда «Эски ҳаммом, эски тос»лигича қолгани шубҳасиз.
Биз юқорида номларини санаб ўтган давлатлар аллақачон янги, замонавий, халқаро талабларга жавоб берадиган, етук мутахассис бўлиб етишишга қодир ўқувчиларни тайёрлаб берадиган тизимга ўтган.
Масалан, Финляндия таълим тизимига бутун дунёнинг ҳаваси келади. Интернет сайтларида мазкур давлат таълимининг ўзгачалигига бағишланган қатор материаллар билан танишиш мумкин. Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз. Лекин бир-икки жиҳатини айтиб ўтиш жоизки, бу ўзимизнинг таълим тизимидаги камчилик ва муаммоларга кўзгу тутишимизга ёрдам берса, ажаб эмас.
Финляндия мактабларида мактаб, предметлар (фан ва дарслар), ота-оналар, ўқувчилар ва ҳуқуқлар тенглиги тамойилига риоя қилинади. Ота-оналар тенглиги – бу ўқитувчилар ўқувчиларининг ота-оналари қаерда ишлашини билишмайди. Ўқувчиларнинг ҳуқуқи тенглиги – ўқитувчи ўқувчисини ҳақорат қилиш ёки унга нисбатан куч ишлатиш ҳуқуқига эга эмас.
Ушбу давлатда таълимдан ташқари ўқувчиларнинг тушлиги, ўқишдан ташқари барча фаолияти, ўқувчиларини уйига ташувчи транспорт, барча ўқув қуроллари, калькулятор ва ҳатто ноутбук-планшетлари ҳам текин ҳисобланади. Шунингдек, Финляндия мактабларида ўқитувчилар “Биз ўқувчиларни ё ҳаётга, ё имтиҳонларга тайёрлаймиз. Биз биринчисини танлаймиз”, дер экан. Давлатда мактаблар барча имтиҳонлардан воз кечган, оралиқ назорат ва тест синовлари ўқитувчилар ихтиёрида.
Дарслар эркин: фин мактабларида ўқитувчи томонидан дарс ўргатилиши эмас, ўқувчининг дарсни ўз истаги, қизиқиши доирасида ўрганиши муҳим. Уйга вазифа билан “кўмиб ташлашга” йўл қўйилмайди. Баҳолаш тизими ҳам биздагидай қатъий белгилаб қўйилмаган. Хуллас, дарс шундай ўтилиши керакки, ўқувчи давомат ё баҳо учун эмас, худди байрамга, бирон чиройли тадбирга, қизиқарли машғулотга бораётгандай келиши керак, деган фикрни илгари сурмоқчимиз. Ана шундагина ҳақиқий илғор педагогик технологияларни амалиётда қўллаган бўламиз.

 

Репетитор бепул бўлса…

 

Энди репетитор масаласига қайтсак. Модомики таълим тизимини ислоҳ қилмас эканмиз, репетиторлар хизматидан воз кечолмаймиз.
Бозор иқтисодиёти даврида репетиторлик хизматининг ҳам тури кўпайиб бормоқда: ўқув марказларида ўқитиш, уйда ўқитиш, якка тартибда ўқитиш, гуруҳда ўқитиш, шунингдек, интернет орқали ҳам ўқитиш бор экан. Табиийки, шунга яраша нархи ҳам турлича бўлади. Фарзандини репетиторга юборишга ҳамма оиланинг ҳам қурби етавермайди. Табиийки, бундай оиланинг боласи олий ўқув юртига кира олмайди. Албатта, ҳаммаси ҳам эмас. Айрим оилаларнинг фарзандлари ўз кучи ва билими билан кирган ҳоллар ҳам кўп.
Қизиқ томони шундаки, хорижий тилларни ўргатадиган репетиторларгина замонавий ўқув, аудио ва видео қўлланмалардан, кўпгина аниқ ва гуманитар фанлардан ўтиладиган тайёрлов курслари эса асосан мактаб дарсликларидан фойдаланади. Масалан, тарих, она тили ва адабиёт, математика, физика, кимё фанларидан репетитор ўтадиган дарс асосан мактаб дастурида олган билимларни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, мазкур фанлардан ўқитадиган репетиторларнинг аксарияти мактабда дарс беради. Тўғри, репетитор ўқувчиларга тест вариантларини ечтириб, уни келгусида олий ўқув юртига тест синовларини топширганда тушиши мумкин бўлган саволларга тайёрлаб боради. Қолаверса, бу ўқитувчилар учун солиқ тўланмайдиган қўшимча даромад манбаи экани ҳам сир эмас.

 

Лекин репетиторлик умум ва ўрта махсус таълим муассасаларининг ўзида, репетитор-ўқитувчиларнинг ойлик маошига устама ҳақ тўлаш тартиби билан бепул жорий этилса-чи?

 

Биринчидан, ўқувчилар репетиторга қатнашга қурби етадиган ва етмайдиган бўлиб тоифаланмайди, ҳар ким ўз қизиқишига қараб, репетиторга бориш имкониятига эга бўлади. Ўқувчиларнинг репетитор қидириб, сарсон бўлишининг, репетиторга маълум миқдорда (адашмасам, ҳар бир бола ойига камида 100-150 минг сўм пул беради) пул сарфлашининг, ота-оналарнинг фарзанди учун яна қўшима харажат қилишининг, оила бюджетига таъсир кўрсатишининг олдини олади. Ўқувчилар ўртасида рақобат кучайишига олиб келади.
Иккинчидан, айрим, уйида ё бошқа жойда ўқувчи тайёрлайдиган репетиторларнинг қўшимча даромад солиғини тўламай юришининг олдини олади (ҳар бир репетитор камида 5-10 бола тайёрлайди. Агар дарснинг ойлик ўртача нархи 100 минг сўм деб ҳисобланса, 500 000 – 1000 000 қўшимча даромад дегани. Лекин бу даромад ҳеч қандай ҳужжатда қайд этилмагани учун ундан солиқ ундирилмайди). Ҳаммаси қонуний бўлади. Ўқитувчилар репетиторлик қилгани учун ойлик маошига қўшимча ҳақ тўланади ва у қанча юқори бўлса, маълум фоизидан даромад солиғи тўлаб борилади. Бу эса мамлакатимиз ғазнасига фойда.
Учинчидан, ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилиниш кўрсаткичи ўсишига олиб келади. Ёшлар мактабни битириб, қайси олий ўқув юртига ҳужжат топширишга бош қотириб ўтирмайди. Ўзи қизиққан йўналишда ўқишга кириш, таълим олиш ва етук мутахассис бўлиб етишиш имкони ошади.
Бундай чуқур илмий асосланмаган таклиф ва мулоҳазалар кимгадир эриш туюлар, кимнингдир ғашини келтирар, балки. Аммо ниятимиз холис – мамлакатимиз билимга чанқоқ ёшларининг орзуларини рўёбга чиқаришга, юртимиз таълим тизими ривожига оз бўлса-да, ҳисса қўшиш.

Дарвоқе, мавзуга оид фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

 

Байрам Айтмуродов, ЎзА