Бу ҳақда пойтахтимизда ўтаётган Осиё Олимпия кенгаши ижроия қўмитасининг 77-йиғилишида эълон қилинди.
Осиё Олимпия кенгаши 77-йиғилиши ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллик шодиёнасига бағишланган тадбирда кенгаш президенти вазифасини бажарувчи Ража Рандхир Сингх, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Халқаро олимпия қўмитаси вакили Оливе Луис Ниамкей ва бир қатор хорижий давлатларнинг миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари иштирок этди.
Осиё қитъасидаги олимпия ҳаракати учун муҳим бўлган ушбу анжуманнинг юртимизда ўтказилиши ўзига хос аҳамиятга эга. Бу, Ўзбекистонга қитъа олимпия ҳаракатининг юксак эътиборидан далолат.
Кенгаш ижроия қўмитаси йиғилишида “Ханчжоу – 2022” ёзги Осиё ўйинлари, ёшлар ўртасида “Тошкент – 2025” IV Осиё ўйинларига тайёргарлик, спорт турлари дастури каби масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида Осиё Олимпия кенгаши президенти вазифасини бажарувчи Ража Рандхир Сингх ҳамда ООК бош директори, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) президенти Ҳусайн ал-Мусалламга Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 30 йиллигига бағишлаб таъсис этилган орден тантанали равишда топширилди.
Анжуман давомида дастурга биноан “Ханчжоу-2022” ташкилий қўмитаси ҳисоботи тингланди.
Хитой олимипия қўмитаси вакилларининг онлайн ҳисоботида мамлакатдаги COVID-19 билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазият туфайли тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси бир йилга кечиктирилиши эълон қилинди.
Йиғилиш давомида 2025 йил Тошкентда ўтказилиши белгиланган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига мўлжаллаб бунёд этилиши режалаштирилган Олимпия шаҳарчаси макети иштирокчиларга тақдим этилди.
Айтиш лозим, шаҳарча пойтахтимизнинг Яшнобод туманида бунёд этилади. Халқаро талабларга жавоб берадиган спорт мажмуалари, универсал стадион, очиқ ва ёпиқ кўринишдаги спорт комплекслари, турар жойлар, меҳмонхоналар, Чирчиқ дарёси бўйида эшкак эшиш комплексидан иборат инфратузилмани қамраб оладиган Олимпия шаҳарчаси 160 гектар майдонда қад ростлайди.
Ушбу мажмуа Осиё Олимпия кенгаши ижроия қўмитаси аъзолари ҳамда қитъамизнинг бир неча давлатларидан юртимизга келган миллий олимпия қўмитаси мутасадди ва мутахассисларида илиқ таассурот қолдирди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА