Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 майдаги “Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга асосан, марказда даволанаётган болаларга мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш жараёнларини самарали ташкил этиш учун “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилади.

Меҳрли мактаб юридик шахс мақомига эга бўлиб, Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилиши режалаштирилган. Меҳрли мактабда мактабгача таълим госпитал гуруҳлари – стационар даволанаётган, соғлиғи сабабли мактабгача таълим ташкилотларига бора олмайдиган 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган гуруҳлар ҳамда  илк ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳлари – 1,5 ёшдан 2 ёшгача бўлган болалар учун стационар даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этиладиган гуруҳлар фаолият кўрсатади. Уларда парвариш қилиш ва назорат қилиш ишлари ота-оналарнинг фаол иштирокида ташкил этилади. Шунингдек, мазкур мактаб таркибида мактабгача таълим госпитал гуруҳлари, илк ривожланиш ёшидаги болаларга мўлжалланган ўйин гуруҳларини тузиш ҳам режалаштирилган.

Даволанаётганларни мактабгача госпитал гуруҳларига қабул қилиш Меҳрли мактаб томонидан тақдим этиладиган рўйхатлар асосида амалга оширилади. Марказда даволанаётганлар учун алоҳида ишлаб чиқилган ўқув режаси асосида 1–11-синфлар ҳажмида умумий ўрта таълим берилади. Дарс машғулотининг давомийлиги бошланғич таълим (мактаб)нинг 1–4 синфларда – 35 дақиқа, 5–11 синфларда – 40 дақиқа бўлади. Бунда бир кунлик дарс машғулотлари 1–4 синфларда 3 соатдан, 5–11 синфларда 4 соатдан ошмаслиги лозим.

Ўқув ҳафтаси давомийлиги 5 кунлик асосида олиб борилади.

ЎзА