Президент раислигида тез тиббий ва шошилинч ёрдам хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда тизимдаги энг катта муаммо – шошилинч ёрдам бемор учун энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки фақатгина олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилиши қайд этилди.

Мисол учун, Мирзо Улуғбек тумани, “Қорасув-1” мавзесида “ўткир бош-мия жароҳати” олган беморни тез ёрдам бригадаси йўлидаги энг яқин шифохона – Республика нейрохирургия марказига эмас, балки Чилонзордаги Республика шошилинч марказига олиб боришга мажбур.

Шу каби Фарғона тумани Миндонобод қишлоғида вилоят Кардиология маркази бўлсада ушбу қишлоқдаги юрак хуружига учраган беморни тез ёрдам 15 километр йўл босиб, Водилда жойлашган туман шифохонасига олиб боради.

Шу боис, тез тиббий ва шошилинч ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилди ва барча ҳокимларга етказилди.

–Лекин, аксарият вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бу масаланинг мазмун-моҳиятини ҳали тўлиқ тушуниб етгани йўқ, айримлари эса тушунишни хоҳламаяпти, – деди Президент.

Президент соҳа олдида турган вазифаларни белгилаб берди. Жумладан:

– жорий йил 1 июлдан ягона вертикал бошқарув асосида “103” Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоят филиаллари ташкил этилади;

– туманларда чақирувларни қабул қилиш диспетчерлик хизмати тугатилиб, вилоятларда ягона Колл-марказ ташкил этилади;

– тез тиббий ёрдам кўрсатиш бир туман ҳудудида эмас, масофага қараб бутун вилоят бўйича йўлга қўйилади;

– Колл-марказда операторлар билан бирга алоҳида тиббиёт-маслаҳат бригадаси фаолият олиб боради.

Яъни, тез ёрдам бригадаси етиб боргунига қадар уларга беморнинг аҳволи ҳақида хабардор қилиб туриш, оила аъзоларига оғир аҳволдаги беморга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича телефон орқали маслаҳат бериш билан шуғулланади.

Тез ёрдам хизматини ташкил этиш ва рақамлаштириш учун 85 миллиард сўм ва Жаҳон банкидан жалб қилинган 5 миллион доллар йўналтирилади.

Шунингдек, вилоят колл-марказлари тизимига тез тиббий ёрдам хизмати мавжуд хусусий клиникалар ҳам уланади.

ЎзА