Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали давом этмоқда. Нуфузли анжуман доирасида «Хоразм лазги рақси: миллий рақсларнинг ривожланиши ва уларнинг ҳозирги даврдаги аҳамияти» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ҳам ўтказилди.
“Лазги” рақси Ўзбекистон маданий меросининг элементи сифатида Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган. Бу ҳақдаги қарор 2019 йил 12 декабрь куни ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида қабул қилинган.
Президентимиз ташаббуси билан ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган мазкур халқаро фестиваль ҳам “Лазги” рақс санъатини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
ЮНЕСКО, Туризм ва маданий мерос, Маданият вазирликлари, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва бошқа идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро фестивалга дунёнинг кўплаб давлатларидан санъатшунос олимлар ва соҳа мутахассислари ташриф буюрган.
Фестиваль доирасида ўтказилган илмий-амалий конференцияда мамлакатимиз ва хориждан келган олиму тадқиқотчилар ўз маърузалари билан иштирок этди. Икки кун давом этган халқаро илмий-амалий конференция давра суҳбати форматида ўтказилди. Унда “Лазги”ининг жаҳон рақс санъатида тутган ўрни ҳақида фикр алмашилди.
Тадбирда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этди. «Лазги» рақси ЮНEСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилишидаги хизматлари учун Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубовага “Ўзбекистон Хореография академиясининг фахрий профессори” унвони берилди.
–Ушбу фестиваль миллий рақс санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёшларда санъатга бўлган муҳаббат туйғуларини камол топтириш, ижодий алоқалар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади, – дейди Гавҳар Матёқубова. – Кичик хизматларимни юқори баҳолаб, фахрий профессор унвонининг берилиши менга янада куч ва масъулият бағишлади. Эндиликда аждодларимизнинг қадимий рақс намуналарини асраш, уларни ёшларга ўргатиш каби эзгу амалларни канда қилмайман. Давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорлигимни билдираман.
Халқаро илмий-амалий конференцияда нафақат ўзбек рақслари балки хорижий рақсларнинг келиб чиқиш тарихи, ўхшаш ва туташ жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.
– Мазкур конференция мен ўйлаганимдан ҳам самаралироқ бўлди, – дейди америкалик санъатшунос олим, хореограф Лора Грей. – Чунки илмий амалий тадбирда “Кўчиб юрувчи халқ рақслари анъаналари: Британия ҳинд жамиятлари», “Рақсда сўғд айланмасини ўрганиш”, “Санъат: ўтмиш ва ҳозир”, “Амалий этномусиқашунослик: Шарқ менталитети, мусиқа ва рақс муаммолари”, “Ипак йўли мамлакатлари тараққиёти ва гуллаб-яшнаши учун кириш” , “ Рақс санъатида тўй маросими учун япон аёллар либослари» каби мавзулардаги маърузаларнинг ўзи фестиваль нечоғли аҳамиятли эканлигидан далолат бермоқда.
–Халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этиш учун АҚШ, Болгария, Қозоғистон, Малайазия ва Тожикистондан хореографлар, балетмейстерлар, санъатшунос олим, профессорлар келган, – деди Ўзбекистон давлат хореография академияси ўқитувчиси Дилафруз Дўстжонова.– Давра сухбатида ана шу олимлар томонидан рақс санъатини ривожлантириш, келажакда уни илмий тадқиқ этиш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди. Ўйлайманки, якуний натижа “Лазги” рақси бутун дунёда янада оммалашишига хизмат қилади.
– Мен Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” мажмуасида бўлиб ўтган фестивалнинг очилиш маросими ҳақида тўхталмоқчиман, – деди Тожикистоннинг “Зебо” давлат ансамбли раҳбари Зебо Аминзода. – Ранг-баранг чироқлар ёғдусида шаҳар ўзгача қиёфа касб этди. Асрлар давомида боқий турган тарихий обидалар, лазгининг юксак ижодий намойиши билан янада гўзал манзара кашф этди.
Бехос сеҳрли куйга, қўшиққа солинган оромбахш наво таровати дилингизга хушнудлик бағишлайди. Қулоққа ёқувчи ажиб наво танангизни жунбушга келтириб қўлларни ҳаракатга келтиришга, яъни рақсга чорлайди. Тили, дини, миллатидан қатъи назар, ўзига оҳанрабодек тортадиган санъат намунаси – бу Лазгидир.
“Лазги” халқаро рақс фестивали доирасида рақс санъатига бағишланган кўргазма, миллий чолғу асбоблари ва либослари, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ҳамда «Ичан-қалъа» мажмуаси ҳудудида уларнинг савдоси ташкил этилган.
Фестивал доирасида ўтказиладиган “Лазги” рақс танлови 3 та номинация «Энг яхши яккахон рақс ижрочиси», «Энг яхши рақс жамоаси» ва «Энг яхши саҳналаштирилган рақс» бўйича баҳоланади.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА мухбири