Тошкентда 20 апрель куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўйича ваколатли органлари раҳбарларининг ўн иккинчи учрашуви бўлиб ўтди.
ШҲТнинг гиёҳвандликка қарши уч босқичли механизмини амалга ошириш доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ҳамда ШҲТ Котибиятидан гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўйича ваколатли идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Сўнгги пайтда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ синтетик гиёҳванд воситалар ва янги психофаол моддалар кенг тарқатилиши, шунингдек, наркотик ишлаб чиқаришда қўлланадиган кимёвий моддаларнинг доимий равишда ноқонуний айланиши каби янги тенденциялар намоён бўлмоқда. Қолаверса, қўшни Афғонистондаги мавжуд вазият муносабати билан шимолий йўналиш орқали гиёҳванд моддалар контрабандаси ўсиши ҳам долзарблигича қолмоқда.
Хавфсизлик соҳасида юзага келган ҳозирги мураккаб даврда минтақамиз гиёҳванд моддалар кенг тарқалиши таҳдиди билан юзма-юз келмоқда. Бундай шароитда ШҲТ нуфузли халқаро ташкилот сифатида бу балога қарши курашда фаоллик кўрсатиши, аъзо давлатларнинг наркотик моддаларга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатини мувофиқлаштириб бориши ҳамда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари қўшма фаолиятини мустаҳкамлаши лозим.
Маълумки, наркотик моддаларни назорат қилиш соҳасида ШҲТ форматидаги ҳамкорлик Битими 2004 йил 17 июнь куни Тошкентда имзоланган. Шундан буён мазкур ҳужжат доирасида тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази (НМНМАТМ) ушбу Битим доирасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича республикамизнинг миллий даражадаги ваколатли органи этиб белгиланган.
Ҳужжат доирасида марказий ваколатли идоралар – Ташқи ишлар, Ички ишлар, Адлия, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, НМНМАТМ, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси ўзаро шериклар ҳисобланади.
Битимни ҳаётга жорий қилиш мақсадида 2009 йил ШҲТ мамлакатлари гиёҳвандликка қарши ҳамкорлигининг уч босқичли механизми яратилди. Ташкилотга аъзо давлатларнинг наркотик моддалар ноқонуний айланишига қарши курашиш ваколатига эга ваколатли идоралари раҳбарлари, гиёҳвандликка қарши кураш органлари юқори мансабдор шахслари йиғилишларини ўтказиш, Экспертлар ишчи гуруҳларини шакллантиириш, Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш ва бошқа бир қатор йўналишлар ва вазифалар белгилаб олинган.
Механизм доирасида 2018 йили ШҲТга аъзо давлатларнинг 2018-2023 йилларга мўлжалланган гиёҳвандликка қарши стратегияси ишлаб чиқилиб, ҳужжат ижросини таъминлашга қаратилган Ҳаракатлар дастури қабул қилинди. Айни пайт ваколатли идоралар томонидан ушбу дастурни ҳаётга татбиқ этиш бўйича иш режаси амалга оширилмоқда.
Ваколатли идоралар раҳбарларининг бу галги йиғилишида 2004 йил 17 июнда имзоланган ҳужжатда белгиланган мақсадлар, хусусан, наркотик моддалар, психотроп воситалар ва прекурсорларнинг ноқонуний савдосига қарши курашда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг биргаликдаги ҳаракатига баҳо берилди. Томонлар умумий стратегия доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги хусусида якдил фикр билдиришди.
Учрашувда делегация раҳбарларининг ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги Битим доирасида амалга ошириладиган келгуси ишлар юзасидан чиқишлари тингланди. Ташкилотнинг 2018-2023 йилларга мўлжалланган наркотик моддаларга қарши кураш стратегияси, мазкур ҳужжатни амалга ошириш учун қабул қилинган Ҳаракатлар дастури, шунингдек, гиёҳвандликнинг олдини олиш, мазкур хасталикни даволаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширишда ваколатли органлар ҳамкорлигини кучайтириш белгиланди.
Тадбир якуни бўйича тегишли Протокол имзоланди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўйича ваколатли органлари раҳбарларининг кейинги, ўн учинчи йиғилишини 2023 йил биринчи ярмида Ҳиндистон Республикасида ўтказишга келишилди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири