Жорий йил 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Норбооева олиб борди.

Мажлис Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудларда ўрганишлар олиб бораётганликлари туфайли онлайн шаклда ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисини 2022 йил 28 апрель куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Видеоконференцалоқа шаклида икки кун давом этадиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.

“Почта алоқаси тўғрисида”ги, “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий хизматлар тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунларни муҳокама этиш режалаштирилган.

Шунингдек, сенаторлар томонидан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I чорагидаги ижроси якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинади.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ш. Ғаниевнинг фермер хўжаликлари фаолияти кафолатларини таъминлаш ҳолати юзасидан ахборотини ҳам эшитади.

Ялпи мажлисда Ҳисоб палатаси, Марказий банк, Бош прокурорнинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамраисининг ўтган давр мобайнидаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти, шунингдек, қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари кўриб чиқилади.

Ялпи мажлисда Андижон вилояти ҳокимининг ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар ҳақидаги ҳисоботини ҳам эшитиш назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 31 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Қарори ижроси кўриб чиқилиши ҳам режалаштирилган.

ЎзА