Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор масалалар ва қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Дастлаб мажлисда Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси лавозимига Муҳаммад Валиев номзоди маъқулланди.
Шундан сўнг депутатлар “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқдилар. Ушбу ҳужжатда соҳани янада такомиллаштириш, маълумотлар ҳаққонийлигини таъминлаш масалалари ўз аксини топмоқда.
Хусусан, лойиҳа билан “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги қонуннинг 8 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутиляпти. Кадастр агентлиги Миллий географик ахборот тизимини юритиш соҳасида махсус ваколатли орган ҳисобланиши, давлат кадастрларининг ягона тизими Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимида шакллантирилиши, давлат кадастрлари маълумотлари ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда тўғридан-тўғри тақдим этиб борилиши ва бошқа нормалар ўз ифодасини топган.
Халқ вакиллари қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида мамлакатимиз ва айрим ҳудудлар табиий-иқтисодий салоҳиятининг ягона ҳисоб-китоби юритилиши, соҳадаги ахборот тизимлари, уларда сақланадиган, юритиладиган маълумотларнинг аниқлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, мажлисда “Судлар фаолиятининг рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг процессуал қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан суд иши бўйича тарафларни суд мажлиси ҳақида “SMS” хабар орқали хабардор қилишнинг процессуал асоси белгиланиб, судга берилган мурожаатнинг ҳолатини онлайн кузатиб туриш имконияти суд иши бўйича тарафларнинг процессуал ҳуқуқи сифатида мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, суд мажлисларида суд биносига келмасдан масофадан туриб, мобиль видеоконференцалоқа режимида иштирок этишнинг процессуал асоси ва тартиби белгиланмоқда.
Халқ вакилларининг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишга, уларнинг ортиқча сарф-харажатларини тежашга, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги нуфузини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаси билан “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 46-моддасидан мажбурий аудиторлик текширувдан ўтказиш мезонини белгилаш нуқтаи назаридан нормани чиқариб ташлаш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, аудиторлик ташкилотлари томонидан аудиторлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилаётгани юзасидан “Аудит” дастурий мажмуаси орқали масофавий мониторинг олиб бориш, ижтимоий аҳамиятга эга хусусиятни ифодаловчи сифат мезонлари асосида ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган ташкилотлар рўйхатини шакллантириш назарда тутиляпти.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан электрон тижорат иштирокчиларига, уларнинг миллий реестрига киритилган ёки киритилмаганлигидан қатъи назар фойда солиғи ва айламадан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар берилиши, янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича имтиёзли давр уч йилдан беш йилга узайтирилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда эса бўялган мато, газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган даромадлари барча товарлар ва хизматлар реализациясида камида 80 фоизни ташкил қилувчи корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланяпти.
Шу билан бирга, 2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар бўлган даврда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектларига фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ижтимоий солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 1 фоиз миқдорида тўлаш ҳамда мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини мазкур солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида тўлаш шаклидаги имтиёзлар бериш назарда тутилмоқда.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Шунингдек, мажлисда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартиби соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА