Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Қайд этилганидек, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг ташаббуси билан 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун 1 триллион 300 миллиард сўм кредит ва 20 миллиард сўм субсидия ажратилди.

Натижада ҳудудларда 47 мингта янги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилди, 8 мингта кичик саноат ва сервис лойиҳалари ишга туширилди, 2,5 мингта корхона қувватлари тикланди ва оширилди.

–Ўзбекистон тарихида биринчи марта бундай катта рақамлар амалда бўлганини гапиряпмиз. Маҳаллада тизим ва шароит яратганимиз, албатта, қайси туман ва шаҳар раҳбарлари фидойи бўлиб ишлаган бўлса, натижа беряпти, – деди Президент.

Энг яхши натижа кўрсатган 14 нафар ҳоким ёрдамчиларини мукофотлаш, ижобий натижага эришган 2 минг 943 нафар ҳоким ёрдамчиларига ташаккурнома юбориш топширилди. Ижобий натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишонига муносиб номзодлар захираси экани кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, тизимдаги оқсоқликлар қатъий танқид қилинди.

–Ҳали 40 фоиз маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг ишида натижа кўрингани йўқ. Мисол учун, 450 та маҳаллада ишсизлик даражаси 20 фоиздан юқори. Бундай маҳаллалар сони Тошкент вилоятида – 59 та, Фарғонада – 52 та, Андижонда – 45 тани ташкил этиб, қолган ҳудудлардан кўп, –  деди Президент.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғи қатъий огоҳлантирилди. Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари 1-ўринбосарлари лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Шунингдек:

– Олтинкўл тумани, Зарафшон шаҳри ҳокимлари;

– Бекобод, Оққўрғон, Косонсой, Нишон, Избоскан, Қўрғонтепа, Шовот, Тўрткўл, Томди, Тўрақўрғон, Қумқўрғон, Фарғона туманлари, Навоий, Каттақўрғон шаҳарлари ҳокимларининг 1-ўринбосарлари;

– Кармана, Фориш туманлари прокурорлари;

– Янгиер, Шаҳрисабз шаҳарлари, Фориш тумани ИИБ бошлиқлари;

– Нурота, Музработ, Шаҳрисабз, Мирзачўл туманлари солиқ бошлиқлари;

– республикадан 11 нафар вакил лавозимидан озод этилди.

ЎзА