Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) га аъзо давлатлар вакиллари ташкилот ҳудудида ҳарбий хавфсизликни таъминлаш масаласини муҳокама қилиш мақсадида учрашган.
Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Қозоғистон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон Қуролли кучлари штаб бошлиқлари, КХШТ Бирлашган штаб бошлиғи, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатларнинг мудофаа идоралари вакиллари иштирок этган.
Видеоконференция форматида ўтган тадбирда ташкилот доирасида ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, инқирозга қарши курашиш механизмини такомиллаштириш ва КХШТга аъзо давлатлар Қуролли кучларининг халқаро парвозларини ташкил этиш каби муҳим йўналишлар кўриб чиқилган. Томонлар 2022 йилда КХШТ Коллектив хавфсизлик тизими бошқарув органлари, кучлари ва воситаларини биргаликда тайёрлаш режасини тасдиқлаб олган.