Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида ҳозирги мураккаб вазиятда бизнес ва тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар кўриб чиқилаётгани маълум қилинди.

–Очиқ айтиш керак, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга шарт-шароитлар яратиш борасида ҳамма туман ва шаҳарлардаги аҳволни бирдек қониқарли деб бўлмайди, – деди Президент.

Мисол учун, 2022 йил 1-чоракда айрим ҳудудларда тадбиркорлик фаоллиги пасайган. Республика бўйича жорий йилда 5,5 мингта корхона ўз фаолиятини тугатган.

Бу кўрсаткич Наманган, Самарқанд ва Қашқадарё, Хоразм, Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида нисбатан юқори.

Умуман, ҳудудларда ўтказилган учрашувларда тадбиркорлар томонидан 1 мингдан ортиқ муаммо кўтарилган. Уларнинг асосий қисми кредит олиш, солиқ маъмурчилиги, ер ажратиш, электр, газ ва сувга уланиш билан боғлиқ.

“Ягона дарча”га ўтган йили электр, газ ва сув ҳамда бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича тадбиркорларнинг 70 мингдан ортиқ, 2022 йил 1-чоракда эса 10 мингга яқин мурожаати ўз вақтида ҳал этилмагани танқид қилинди.

Давлатимиз раҳбари мавзуни давом эттирди.

Хизматлар соҳасида аввал ажратилиб, қайтарилган 360 миллиард сўм ресурслардан бугунги кунга қадар атиги 9 миллиард сўми (ёки 3 фоизи) янги лойиҳаларга йўналтирилгани таъкидланди.

Хизматларни ривожлантириш учун банкларга жойлаштирилган ресурслар бўйича аввалги фоиз (10 фоиз) ставкаларини ўзгаришсиз қолдириш топширилди.

Тадбиркорлик жамғармасининг тадбиркорларга компенсация тўловларини кенгайтириш учун жамғармага 400 миллиард сўм, кейинчалик яна 500 миллиард сўм йўналтириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, хизматлар соҳаси учун Миллий банк томонидан жалб қилинган 200 миллион доллар ҳисобидан тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади. Бунда, кредит ставкаси Тадбиркорлик жамғармаси компенсацияси билан 18 фоиздан ошмайди.

1 декабрга қадар юқорида қайд этилган маблағлар тўлиқ тадбиркорларга берилиши шартлиги белгиланди.

ЎзА